Ўзбекистон | 17:45 / 08.01.2025
28901
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар ва материаллар рўйхати эълон қилинди

Олий суд диний экстремистик ва террористик ғоялар билан йўғрилган деб топилган ҳамда Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланган 1400 га яқин манбалар рўйхатини эълон қилди. Тақиқланган профил ва материалларнинг асосий қисми Telegram мессенжери, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларига тўғри келмоқда.

Олий суд томонидан интернет жаҳон тармоғидаги диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати эълон қилинди.

2025 йил 8 январь ҳолатига кўра, рўйхатга 1 минг 389 та турли профиль, канал ва материаллар киритилган. Хусусан:

  • Facebook ижтимоий тармоғида 203 та профиль ва материаллар;
  • Telegram мессенжерида 713 та канал, гуруҳ ва материаллар;
  • Instagram ижтимоий тармоғида 226 та профиллар;
  • Youtube видео-хостингида 135 та канал ва турли видеолар;
  • Odnoklassniki ижтимоий тармоғида 35 та профиль ва материаллар;
  • Tik-tok'да 44 та профил;
  • Интернет жахон ахборот тармоғидаги 13 та сайт ва алоҳида материаллар;
  • 20 та турли китоб, маъруза ва нашидалар.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов фуқаролардан «диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан сақланишни ва улардан йироқ бўлиш»ни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддасига кўра, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этганлик учун – БҲМнинг икки юз баравари миқдорида жаримадан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодекси 244-3-моддасига кўра, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатганлик учун БҲМнинг 100 баравари миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Мавзуга оид