«Пандемияга тайёргарлик кўриш зарурати йўқ» — Еврокомиссия вакили Хитойда тарқалган вирус ҳақида
Европа комиссияси Хитойда тарқалган метапневмовирусдан хабардор экани ва мутахассислар вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилди.
Еврокомиссия вакили Ева Грнцирова Европа Иттифоқи Хитойда тарқалган вирус сабаб янги пандемияга тайёргарлик кўриш заруратини кўрмаётганини маълум қилди.
«Ҳозир пандемияга тайёргарлик кўриш зарурати йўқ, биз Хитойдаги вазиятдан хабардормиз, тиббиёт агентлигимиз вазиятни кузатиб бормоқда, шунингдек, у яқин ҳафтада соғлиқни сақлаш бўйича қўмитада муҳокама қилинади», — дейди Грнцирова.
ХХР Касалликлар профилактикаси ва назорат қилиш бошқармаси мамлакатнинг шимолий провинцияларида метапневмовирус тарқалганини эълон қилганди. Ушбу вирус билан касалланиш ҳолати Қозоғистонда ҳам аниқланган.
Аввалроқ Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берганди. Қўмитага кўра, метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратларсиз тузалиб кетади. Ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилади.
Мутахассисга кўра, метапневмовирус умуман янги эмас, у илк марта 1960-йилларда аниқланган. Вирус бошқа ўткир респиратор инфекциялар сингари иситма, йўтал, аксириш, бронхларда яллиғланиш бронхит ёки бронхолит ҳамда ўпкадаги яллиғланиш, зотилжамга сабаб бўлиши мумкин. Метапневмовирус ўткир респиратор инфекция бўлгани учун ҳам у ҳаво томчи ва ифлосланган юза орқали юқади.