Жаҳон | 18:44 / 09.01.2025
5528
2 дақиқада ўқилади

Келинг, Американи яна Мексикага айлантирайлик — Мексика президенти

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг Мексика кўрфази номини Америка кўрфази қилиб ўзгартириш нияти ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди.

Фото: AFP

«Шубҳасиз, Мексика кўрфази - БМТ томонидан тан олинган ном. Лекин нега биз [қитъани] Мексика Америкаси деб атамаймиз? Бу ёқимли эшитилади, шундай эмасми?», деди Шейнбаум.

Далил сифатида у Нидерландиянинг Ost India компанияси буюртмаси билан яратилган 1607 йилдаги тарихий харитани келтирди, унда замонавий Қўшма Штатлар ҳудуди Мексика Америкаси деб аталган.

Бундан ташқари, 1814 йилда имзоланган Мексиканинг биринчи конституциясида Мексика Америкасининг мустақиллиги эълон қилинган.

Мексиканинг собиқ маданият вазири, ҳозир Европа Кенгашидаги Мексика ваколатхонаси раҳбари Хосе Алфонсо Суарес дел Реал ҳам баъзи тарихий маълумотларни тақдим этди. Унинг таъкидлашича, «Мексика Америкаси» номи Британия мустамлакачиларининг биринчи гуруҳи замонавий Виржинияга келишидан олдин мавжуд бўлган.

7 январ куни АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб қайта номлаш ниятида эканини айтди. Трамп ўз баёнотида Мексиканинг иммиграция сиёсатини ҳам танқид қилиб, мамлакатни Қўшма Штатларга мигрантлар ва гиёҳванд моддалар оқимини етарлича назорат қила олмаганликда айблади.

Трампнинг қўшимча қилишича, ноқонуний миграция ва контрабанда туфайли етказилган зарарни қоплаш чораси сифатида янги божлар жорий этилади.

 

Мавзуга оид