Жаҳон | 11:12
754
3 дақиқада ўқилади

Лос-Анжелес яқинидаги ўрмон ёнғинларида икки киши ҳалок бўлди

Ёнғинлар 800 гектардан ортиқ майдонни қамраб олган ва шаҳар мавзеларига яқинлашган. Лос-Анжелес округи ёнғин хавфсизлиги бошлиғи унинг бўлими ёнғинни ўчиришга қийналаётганини тан олди.

Фото: AP / Ethan Swope

8 январ, чоршанба куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри чеккаларини қамраб олган йирик ўрмон ёнғинлари оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди. Иккала қурбон ҳам шаҳарнинг шимоли-шарқидаги яшил майдонда жойлашган Итон канёнида бўлган. Ёнғин 800 гектардан ортиқ майдонни қамраб олган. Ёнғинлар шаҳар мавзеларига яқинлашди, турар жой бинолари ёнмоқда. 32 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган, эвакуация давом этмоқда. Бундан ташқари, минглаб округ аҳолиси ўз уйларини тарк этишмоқда. Округда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Калифорния ва умуман Қўшма Штатлардаги энг қиммат ва нуфузли жойлардан бири бўлган Пасифик-Палисейдс ҳудудида ёнғин аллақачон мингдан ортиқ биноларни вайрон қилган ва камида 28 минг бино хавф остида. Расмийлар ўнлаб мактабларни ёпди. Федерал авиация бошқармаси ёнғинга учраган ҳудудлар устида парвозларни тақиқлади.

Ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчира олмаяпти

Лос-Анжелес расмийлари аҳолини сув захирасини тўплашга чақирди, чунки ёнғин сув таъминотига зарар етказиши мумкин. Шаҳар мэри Карен Басс кучли тутун ҳақида огоҳлантирди ва аҳолини уйда қолишга, дераза ва эшикларни маҳкам ёпишга ва ниқоб тақишга чақирди.

Лос-Анжелес округи ўт ўчириш хизмати бошлиғи Энтони Марроне унинг бўлими ёнғинни ўчиришга қийналаётганини тан олди. "Биз бир-иккита йирик ёнғинга тайёр эдик, лекин бирданига тўртта ёнғинга эмас", деди у. Ёрдамга қўшни округлардан захирадаги аскарлар ва ўт ўчирувчилар жалб қилинган.

Трамп Калифорния губернаторини айблади

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ёнғинларда Калифорния губернатори Гэвин Нюсомни (Демократик партия) айблади, у аввалроқ штатдаги сув ресурсларини қайта тақсимлаш лойиҳасини тасдиқлашдан бош тортган эди. Нюсомнинг таъкидлашича, қайта тақсимлаш маҳаллий сув йўлларида биологик хилма-хилликка таҳдид солади, аммо Трамп бу ёнғинларга қарши курашиш учун сув захираларини яратишини айтди. 

J.P. Morgan молиявий компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, ёнғин туфайли аллақачон етказилган зарар 10 миллиард долларга етиши мумкин.

Лос-Анжелес ҳудудидаги ўрмон ёнғинлари 7 январ куни бошланган. Қуруқ ва шамолли об-ҳаво туфайли тез катталашган тўртта асосий ёнғин ўчоғи бор. Лос-Анжелес жойлашган Жанубий Калифорнияда май ойидан бери атиги 2,5 мм ёғингарчилик кузатилди.

Мавзуга оид