Жаҳон | 11:46 / 09.01.2025
8138
15 дақиқада ўқилади

“Қозоқгейт” иши – АҚШ Қозоғистон президенти ва бош вазирини нимада айблаган эди?

2003 йилда Ню Йоркда америкалик тадбиркор ҳибсга олинади. Ўша пайтда Қозоғистон президенти маслаҳатчиси бўлган тадбиркорга Нурсултон Назарбоев ва бош вазир Нурлан Балгимбаевга йирик миқдорда пора берганлик айби қўйилади. 2010 йилда АҚШ маълум шартлар эвазига тадбиркор, Назарбоев ва бош вазирдан айбловларни олиб ташлайди. Бу иш тарихда “Қозоқгейт” номини олган.

Бундан бир неча кун олдин, аниқроғи 2024 йил 14 декабр куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Москвада Владимир Путин билан учрашган. Бироқ бу учрашув тафсилотлари ҳақида ҳеч қаерда расмий маълумот берилмади.

Назарбоевнинг илтимосига кўра учрашув тафсилотлари ошкор қилинмаган бўлиши ҳам мумкин. Учрашувдан хабар топган қозоқ ОАВ АҚШда Назарбоевга нисбатан “Қозоқгейт-2” иши бўйича суриштирув бошлангани ва собиқ президент шуни муҳокама қилиш учун Москвага борганини ёзиб чиқди.

“Қозоқгейт” иши 2000-йилларда бўлиб ўтган ва америкалик тадбиркорлардан бири Назарбоев ҳамда ўша пайтда Қозоғистон бош вазири бўлган шахсга 84 млн доллар пора беришда айбланганди.

Ўшанда тергов ва суриштирув ишлари бир неча йил давом этади ва охир-оқибат америкалик тадбиркор оқланади. “Қозоқгейт” иши Америка-Қозоғистон муносабатлари тарихидаги энг кескин воқеа бўлган.

Тадбиркорнинг ҳибсга олиниши ва “Қозоқгейт”

2003 йилнинг баҳорида Ню-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Парижга учадиган самолётга чиқмоқчи бўлган шахс ҳибсга олинади. Бу америкалик тадбиркор ва нефт бўйича маслаҳатчи Жеймс Гиффен эди.

Жеймс Гиффен

Гиффенга пора олиш ва бериш айблови қўйилганди. Унинг Франция пойтахтига учиши америкалик ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қочиш деб талқин қилинган. Шу сабабли ҳам уни самолётга чиқишдан аввал тўхтатиб қолишганди.

Америка фуқаролиги ва яна камида Қозоғистоннинг дипломатик паспортига эга бўлган Жеймс Гиффеннинг қочиш нияти йўқ эди. Ўша куни унинг қўлида ортга қайтиш чиптаси ҳам бўлган.

Гиффен полиция бўлимига олиб кетилади ва бирмунча вақт ўтгач, “Хорижий коррупция амалиёти тўғрисида”ги қонунни бузгани учун судга тортилади.

Бу қонун 1970-йилларда президент Ричард Никсоннинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган “Уотергейт” можароси туфайли қабул қилинганди.

“Хорижий коррупция амалиёти тўғрисида”ги қонун Америкадаги энг жиддий қонунлардан бири ҳисобланади. Уни бузганлар 20 йилгача қамоқ ёки миллионлаб доллар жарима кўринишидаги жазога тортилади.

Жеймс Гиффенга нисбатан очилган жиноят иши “Қозоқгейт” (Kazakhgate) деб номланади ва тергов жараёнлари ўн йил давом этади. Охир-оқибат тадбиркорга қўйилган барча айбловлар олиб ташланади.

Нурсултон Назарбоев ва Жеймс Гиффен, 1990-йилларнинг иккинчи ярми
newsland.ru

Жеймс Гиффен ким бўлган?

Гарчи Жеймс Гиффен номи ОАВда кам учраса ҳам, постсовет элитаси вакиллари, хусусан Нурсултон Назарбоев билан боғлиқ шубҳали ишлар ҳақида гап кетганда, бу одам кўп эсланади.

Жеймс Гиффеннинг илк иш жойи Armco Steel компаниясининг шуъба корхонаси эди. Ўша пайтда компанияга СССР билан савдо алоқаларини кенгайтириш тарафдори бўлган Келвин Уилям Верити бошчилик қиларди.

Келвин Верити Роналд Рейган президентлиги даврида АҚШ савдо вазири бўлади ва Гиффен у билан дўстона алоқани сақлаб қолади.

Кейинчалик Гиффен таниқли тадбиркорга айлангач СССР бозорига киришни режа қилади. Бироқ 1980-йилларда Афғон уруши туфайли АҚШ ва СССР ўртасидаги муносабатлар совуқлашади ва тадбиркор чорасиз қолади.

СССР тепасига Михаил Горбачёв келгандан сўнг иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар бошланади. Шундан сўнг Гиффен совет бозорига кириш учун бир неча марта СССРга келади.

Бу ерда совет амалдорлари билан танишиб, дўстлашади. Гиффеннинг дўстлари орасида ҳатто мамлакат раҳбари Горбачёв ҳам бор эди. Ўша пайтда Гиффен Горбачёв билан бир неча марта учрашиб, муваффақиятли музокаралар ўтказади.

Шундан сўнг Armco Steel СССРга бурғилаш ускуналарини етказиб бера бошлайди. Гиффин эса шуъба корхонанинг вице-президентига айланади.

Ўзини яхши воситачи сифатида кўрсатган Гиффен, Chevron, RJR Nabisco, Eastman Kodak, Ford Motor каби компанияларни советларнинг “қайта қуриш давридаги бозори”га киришга кўндиради.

Жеймс Гиффен, 1990 йиллар бошлари
foreignpolicy.com

Бунда уларга Жеймс Гиффенга тегишли “Меркатор” компанияси ёрдам бериши керак эди. 1991 йилда СССР парчаланади ва Ғарб компанияларининг режалари ўзгариб кетади.

Бошқа тарафдан СССРнинг парчаланиб кетиши Ғарб компанияларига ҳам, Гиффинга ҳам янада кўпроқ имкониятлар эшигини очади.

Бироқ у Россияга эмас, Қозоғистон бозорига кириб келади. Гиффен Нурсултон Назарбоев билан учрашиб, унга мустақил Қозоғистондаги нефт ва газ конларини ўзлаштириш учун Ғарб компанияларини жалб қилишда ўз ёрдамини таклиф этади.

Қозоғистон раҳбари унинг таклифини қабул қилади ва Жеймс Гиффенни нефт ва газ соҳаси бўйича ўзига маслаҳатчи қилиб олади.

Жеймс Гиффеннинг иши икки томонлама эди. Унинг ўзи Қозоғистонга АҚШдан сармоя жалб қилиш билан шуғулланган. Унга тегишли “Меркатор” компанияси эса Қозоғистон ҳукуматига нефт ва газ операциялари бўйича маслаҳат берган.

Умуман олганда Жеймс Гиффен Ню Йорк аэропортида қўлга олингунча бўлган даврда у ҳақда ошиқча гап-сўзлар бўлмаган. Унинг устидан ҳеч қандай шикоят тушмаган.

Четдан қараганда у ўз ишининг устаси сифатида Қозоғистон иқтисодиётини тиклашда ва ривожлантиришда ёрдам берган. Албатта, текинга эмас ва салмоқли ҳақ эвазига.

Аммо 2000-йиллар бошларида вазият бирданига ўзгаради. МРБ ва ФҚБда Жеймс Гиффеннинг Қозоғистондаги фаолияти бўйича шубҳалар уйғонади.

Назарбоев рафиқаси ва Жеймс Гиффен билан АҚШда
onlinehome.us

Сўнг у Қозоғистондаги нефт ва газ конларини Ғарб компанияларига олиб бериш эвазига мамлакат раҳбарларига катта миқдорда пора берганликда айланади.

Охир-оқибат 2003 йил баҳорда Жеймс Гиффен Парижга учмоқчи бўлган пайтда Ню-Йорк аэропортида қўлга олинади. Уни Қозоғистондаги конларни Ғарб компанияларига олиб бериш эвазига қозоқ амалдорлариларга 84 млн доллар берганликда айблашади.

Қозоғистон томондан асосий гумондор мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ва бош вазир Нурлан Балгимбаев эди.

Жеймс Гиффеннинг Қозоғистондаги фаолияти

Асосий иши президент Назарбоевнинг маслаҳатчиси бўлган Гиффен 1995 йилдан 1999 йилгача Қозоғистонда олтита йирик нефт операцияларини ташкил қилади.

Кейинчалик АҚШ Адлия вазирлиги ўша операцияларда пул ювиш, коррупция ва солиқдан қочиш ва бошқа ноқонуний ишлар қилинганини аниқлайди.

Жеймс Гиффен айбланган ишлардан бири 1996 йилда имзоланган битим билан боғлиқ эди. Бу битимга кўра, Американинг Mobil Oil компанияси Қозоғистондаги дунёда олтинчи йирик захирага эга бўлган “Тенгиз нефт” конининг 25 фоиз улушини сотиб олган.

Текширувларда аниқланишича, Mobil Oil воситачи сифатидаги хизматлари учун Жеймс Гиффенга 51 млн доллар тўлаган. Маблағнинг ярми Швейцариядаги шахсий ҳисоб рақамига, қолган қисми айланма тарзда Британия Виржиния оролларидаги ҳисоб рақамига тушади. Бу шубҳали транзакциялар бевосита Жеймс Гиффен билан боғлиқ эди.

Назарбоев рафиқаси ва Жеймс Гиффен билан АҚШда
materick.ru

Америкада Гиффенни сўроқ қилишар экан, иш федерал прокурорларга етиб боради. Маълум бўлишича, Қозоғистон нефт конларини олишга ҳаракат қилган Америка компаниялари томонидан ажратилган пуллар кутилмаганда Қозоғистон раҳбарларининг (аниқроқ айтганда Назарбоев ва Нурлан Балгимбаевнинг) шахсий фойдаланишига кетган.

Америка компаниялари билан имзоланган шубҳали битимлар АҚШга Билл Клинтон раҳбарлик қилган даврга тўғри келади. Жеймс Гиффен ҳибсга олинган пайтда мамлакатга Кичик Жорж Буш президент эди.

Сўроқларда Билл Клинтон маъмурияти Қозоғистон ҳукуматининг коррупцион ишларидан хабардор бўлгани аниқланади.

Жумладан, Клинтон даврида АҚШ Давлат котиби ўринбосари бўлиб ишлаган Жонатан Винернинг айтишича, Оқ уй Қозоғистондаги йирик коррупцион ҳолатлар ҳақида аввалдан билган.

Қозоғистонда юқори лавозимли амалдорлар ўртасида коррупция даражаси юқорилиги инобатга олинса, Жеймс Гиффеннинг Назарбоев ва Нурлан Балгимбаевга йирик миқдорда пора беришда айбланишида мантиқ бор эди.

Ўша пайтда иқтидорли тадбиркор сифатида фаолияти фақат ривожланиш йўлидан кетаётган ва кимсан Қозоғистон президенти маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Гиффен барибир қопқонга тушади.

У Америка ҳукумати аввалдан хабардор бўлган ва эътиборсиз қолдириб келган хорижда йирик пора олди-бердиси бўйича энг шов-шувли ишда айбланувчига айланади.

Назарбоев ва Жорж Буш
alamy.com

АҚШ ва Қозоғистоннинг келишуви

2007 йилда тергов бошланганига тўрт йил бўлганда АҚШ ва Қозоғистон айрим масалалар бўйича келишувга эришади. Қозоқ томони нима қилиб бўлса-да Назарбоев ва Балгимбаевнинг номини қора бўлишдан асраб қолиш ҳаракатида эди.

Бу йўлда улар АҚШ томонидан қўйилган айрим шартларга кўнишади. Жумладан, Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларидаги пулларни болалар учун очилган халқаро хайрия ташкилотлари ҳисобига ўтказиб беришга рози бўлишади.

Бунинг эвазига, Америка томони Жеймс Гиффен иши бўйича тергов ва суриштирувларни тўхтатишга ваъда беради.

Гарчи қозоқлар бу ишда ўзларининг иштирокларини рад этган бўлишса-да, кўпчиликнинг фикрига кўра, Швейцария банкларидаги пулларнинг хайрия фондига ўтказилиши айбни тан олишни англатади.

Кўп ўтмай Америка Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун Қозоғистон ҳудудидан фойдаланиш бўйича ҳам рухсат олади. Бу ҳам Назарбоев ва Балгимбаевдан айбловларни олиб ташлаш бўйича келишувнинг бир қисми эди.

Назарбоев ва Жорж Буш
tengrinews.kz

Жеймс Гиффен, Назарбоев ва Балгимбаевнинг оқланиши

2007 йилда эришилган дастлабки келишувдан кейин америкаликлар ваъдасида туради ва Жеймс Гиффеннинг Қозоғистон раҳбарларига пора бериши юзасидан ўтказилаётган тергов ва суриштирув ўз ҳолига ташлаб қўйилади.

Жиноят иши бўйича тергов қанчалик узоқ давом этса, Гиффен олиши мумкин бўлган қамоқ муддати шунчалик катта бўлиши тайин эди. Бошқа томондан эса у АҚШ ва Қозоғистон қандайдир келишувга эришганидан хабардор эди.

Гиффен барибир қамаламан деб ўйлаб турган пайтда демократия ва адолат маёғи бўлган Америка суди кутилмаган қарор қабул қилади. Тергов бошланганига 7 йил бўлганда, 2010 йилда АҚШ Адлия вазирлиги кутилмаганда жиноят ишини ёпиб, Назарбоев, Нурлан Балгимбаевдан барча айбловларни олиб ташлади.

Жеймс Гиффен эса суд қарори билан рамзий маънода 25 доллар (!) жарима жазосига тортилди.

Айрим адвокатларга кўра, Жеймс Гиффенни у Назарбоевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган давридаги хатти-ҳаракатлари учун жазолаб бўлмасди. Нега?

Улар “Гиффеннинг Қозоғистондаги фаолияти АҚШ ҳукумати учун жуда қимматли эди ва шунинг учун америкалик ватанпарварни қамоққа жўнатиш адолатсизлик бўлади”, дейишарди.

Нурлан Балгимбаев 1995-1997 йилларда Қозоғистон нефт-газ саноати вазири, 1997-1999 йилларда бош вазир бўлган
yvision.kz

Шу ўринда савол туғилади: нега Гиффеннинг Қозоғистондаги фаолияти учун қамалиши адолатсизлик бўлади?

Гап шундаки, айрим маълумотларга қараганда Жеймс Гиффен Назарбоевнинг маслаҳатчиси бўлишдан ташқари, МРБ маълумотчиси бўлиб ишлаган.

У ташкилотнинг махфий агенти сифатида Қозоғистон ҳукумати билан яқин алоқаларидан фойдаланиб, қимматли разведка маълумотларини АҚШга юбориб турган. Ана шу иши уни узоқ муддатга қамалишдан асраб қолган.

Америкалик айрим журналистлар Жеймс Гиффеннинг оқланишини киноя билан “Америка ўзининг тижорат ва демократик мақсадлари орасидан биринчисини танлади”, дейишади.

Натижада Жеймс Гиффен Назарбоев ва Балгимбаевга катта миқдорда пора берган жиноятчи эмас, балки Америка қаҳрамони ва ватанпарвари бўлиб чиқади.

Назарбоев ва Балгимбаев ҳам жараёндан “тоза” чиқишади. Бироқ Америкада уларга қарши очилган иш туфайли халқаро майдонда Қозоғистоннинг обрўйи тушиб кетади.

“Қозоқгейт-2” иши очиладими?

Ушбу мақола ёзилаётанда Қозоғистондаги бир қатор ОАВ Назарбоев Москвада Путин билан яширинча учрашгани ва бу учрашув “Қозоқгейт-2” иши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзиб чиқди.

Маълум бўлишича, 2024 йил 14 декабр куни Путин ўзининг Ново-Огарёво қароргоҳида Нурсултон Назарбоевни қабул қилган. Бироқ учрашув тафсилотлари ҳақида ҳеч қаерда расмий маълумот берилмади.

“Катта жанжал кўтарилмоқда”: Назарбоевнинг Путин билан учрашуви АҚШдаги янги “Қозоқгейт-2” иши билан боғлиқ эди” деб сарлавҳа қўйган Orda.kz нашри ўз хабарида Қозоғистон парламенти депутати Эрмурат Бапининг сўзларини келтириб ўтган.

“Менинг маълумотларимга кўра, Америкада “Қозоқгейт-2” номи билан янги йирик жанжал етилмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги аввалроқ Америка фуқаролари, компаниялари, суғурта ташкилотлари ва ҳатто экспертлари хизматидан фойдаланган дунё клептократларига қарши янги жиноий иш тайёрламоқда. Агар бу клептократлар бир вақтлар АҚШ субъектлари хизматидан фойдаланган бўлса, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилади. Менда шундай ички маълумот бор”, деган депутат.

Эрмурат Бапи
kazpravda.kz

У агар Назарбоев муайян мамлакатнинг миллий қонунларини бузган бўлса, ҳеч қандай кафолат қутқара олмаслигини таъкидлаган.

“Менимча, собиқ президентнинг бу уринишлари, яъни Нурсултон Назарбоевнинг Путин билан учрашиш учун Москвага, Кремлга бориши ва Қозоғистон Республикасининг давлат сирлари тўғрисидаги қонунига янги қоида киритилиши — буларнинг бари олдинда “пишиб келаётган” халқаро жанжалга боғлиқ. Биз фақат Пандора қутиси очилиб, аниқроғи яқин орада “портлаб кетишини” кутишимиз керак бўлади”, деган депутат Эрмурат Бапи.

Депутатнинг гапларини Orda.kz’дан ташқари Ulysmedia.kz, kaztag.kz, kz.vesti.news ва бошқа сайтлар хабар қилиб беришди.

Депутат қанчалик тўғри ёки нотўғри гапирганини ва мабодо Назарбоев яна айбланадиган бўлса бу сафар у жазоланадими ёки аввалгидай қутулиб қоладими, буларни вақт кўрсатади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди