Ўзбекистон | 01:09
9930
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳайвонот боғида жирафа нобуд бўлди

Жирафанинг ўлимига «ошқозон атонияси» сабаб бўлган. Уни сақлаб қолишда хорижлик мутахассислар билан ҳам маслаҳатлашилган. Бундан уч йил олдин ҳам Тошкент ҳайвонот боғида бир жирафа нобуд бўлганди. 

Тошкент ҳайвонот боғида 8 январ куни жирафа нобуд бўлди. Бу ҳақда ҳайвонот боғи маъмурияти хабар берди.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

«Биз жирафани сақлаб қолиш учун барча даволаш усулларини қўлладик. Жумладан, халқаро ветеринария видеоконференцияларида иштирок этган мутахассисларнинг ёрдами ва хорижий ҳамкасблар билан ўтказилган маслаҳатлашувдан фойдаландик», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, патологанатомик текширув натижалари жирафанинг ўлимига ошқозон бурулиши сабаб бўлганини кўрсатган.

«Барча ҳаракатларимизга қарамай, натижа фожиавий бўлди. Жирафаларнинг анатомик ва физиологик хусусиятлари туфайли, уларнинг ошқозон-ичак тизимида жарроҳлик амалиётларини ўтказиб бўлмайди. Чунки жаҳон амалиётида бундай касалликларни муваффақиятли даволаш ҳолатлари мавжуд эмас», — дея таъкидланади хабарда.

6 январ куни ҳайвонот боғи жирафа 11 кундан бери суюқлик ичишдан бош тортаётгани ҳақида хабар берган. 

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

«Бизнинг жирафамизда касаллик белгилари пайдо бўлганда ва «ошқозон атонияси» ташхиси қўйилганда, ҳайвонот боғи ходимлари ва ветеринарлар дарҳол даволаш ишларини бошлашди. Шу билан бирга, Россия ва Эстониядаги жирафалар бўйича етакчи ветеринарлардан маслаҳат олинди ва видео конференция ўтказилди.

Афсуски, барча ҳаракатларимизга қарамасдан, ҳайвоннинг ҳолати оғирлашмоқда. Бугун касалликнинг ўн биринчи куни бўлиб, жирафа суюқлик ичишдан бош тортяпти, кўз ўнгимизда кучсизланиб бормоқда. Ошқозон моторикасини тиклашнинг иложи бўлмаяпти», — деган Тошкент ҳайвонот боғи бош ветеринари Маҳмуд Қўзибоев.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февралда Фарғонадаги ҳайвонот боғида Қозоғистондан келтирилган Максим лақабли жирафа нобуд бўлганди. У январ ойида Ўзбекистонда кузатилган совуқ кунларда шамоллаб қолган.

Ўша йилнинг сентябрида эса Тошкент ҳайвонот боғида Алатау лақабли жирафа нобуд бўлганди. Унинг ўлимдан кейинги патологоанатомик ва лаборатор текширувлари натижаларига кўра, ҳайвоннинг ўлими провентрикуляр тимпания туфайли юзага келган мия ишемияси туфайли содир бўлган. Тимпания, ўз навбатида, ўн икки бармоқли ичакнинг туғма нуқсони туфайли юзага келган.

Мавзуга оид