Жаҳон | 10:40 / 14.01.2025
28642
7 дақиқада ўқилади

Хавф жуда юқори даражада: Калифорния оловни ўчиролмаяпти

7 январдан бери АҚШнинг Лос-Анжелес округи тўртта нуқтасида ёнғинлар кузатилмоқда. Бутун бошли маҳаллалар куйиб кулга айланган. Ҳозиргача 24 киши офат қурбонига айланди, яна 16 киши бедарак йўқолган. Қутқарув гуруҳлари вайроналарни текширмоқда. 105 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес округида йирик ёнғинлар 7 январдан бери ҳалиям давом этмоқда. 12 январ якшанба куни ўт ўчирувчилар ёнғиннинг бир қисмини ўчиришда муваффақиятга эришди, лекин 2 та ҳудудда ўта жиддий ҳолатда аланга кенгайиб бормоқда.

Лос-Анжелеснинг Палисейдс, Итон ва Ҳюрст туманлари ҳудуди асосий ёнғин майдонига айланди. Ҳюрстдаги аланга деярли назоратга олинган. Энг хавфлиси Палисейдс туманида ва у ерда олов салкам 10 минг гектар майдонни қамраб олган.

Кеннет, Арчер, Сансет, Лидя, Вудлей, Оливас ҳудудларидаги ёнғинлар тўлиқ ўчирилди.

Нега Лос-Анжелесни ёнғин қамраб олди?

BBC хабарига кўра, аниқ сабаб ҳали кўрсатилмади, бир қатор версиялар бор. Тергов ишлари давом этмоқда. Лос-Анжелес округи шерифи Роберт Луна дейдики, барчаси ипидан игнасигача текширилмоқда. Ўт қўйиш ёки электр симларидан ёнғин келиб чиқиш эҳтимоли хусусида расмий гап йўқ.

2022-2023 йиллардаги намлик Калифорнияда ўсимлик ва дарахтлар кўпайишига сабаб бўлган. Охирги йилдаги қурғоқчилик эса уларни қуритиб, ёнғинга ўт бўлгулик қилди. Лос-Анжелес марказий қисмида октябр ойидан бери кам жуда кам ёмғир ёғган ҳамда денгиздан кучли шамол ҳам эсмоқда. Бу икки омил ҳам ёнғин фойдасига ишламоқда.

Афсуски, минтақада яқин кунларда ёмғир ҳам кутилмаяпти. Синоптиклар ва об-ҳаво бўйича мутахассислар таҳлилида келишича, ҳафта охири ва душанбагача ёнғинлар кучайиши кутилган.

Америка полицияси бир шахсни ёнғин уюштирганликда гумонлаб қўлга олган. Лос-Анжелес округи прокурори Натан Ҳокманнинг айтишича, гумонланувчига қотиллик билан тенг келадиган жазо ва умрбод қамоқ тайинланиши мумкин.

Ёнғин талафотлари қандай?

Бугунгача бўлган маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 24 нафарга етган. Лос-Анжелес округи расмийлари ёнғиннинг кучайишига сабаб бўлаётган шамол чоршанба кунигача эсиб туришини маълум қилди. Хавф даражаси ҳам жуда юқорилигича қолмоқда.

Бу галги офат шаҳар тарихидаги энг ҳалокатлиси дея баҳоланди. Расмийлар қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Қутқарув гуруҳлари, махсус жамоалар ёниб кетган вайрона уйларни жиддий текширмоқда. Энг катта ёнғин бўлаётган Палисейдс тумани 9300 гектар майдоннинг бор-йўғи 11 фоиз қисмидаги олов қийинчилик билан ўчирилди. Улар қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда, дейди Лос-Анжелес ёнғин департаменти раҳбари Кристин Кровлей.

Калифорния университети талабалари уйларига жавоб берилган, дарслар масофадан туриб олиб борилмоқда. Машҳурлар истиқомат қиладиган Тинч океани соҳилидаги ҳудудда ҳам эвакуация эълон қилинган. Бу ҳудудда вице-президент Камала Ҳарриснинг ҳам қароргоҳи жойлашганди. Шунингдек, актёрлар Жон Гудман, Юджин Леви ва Билли Кристалларнинг уйлари аллақачон ёниб кетган.

Ёнғин департаменти раҳбари Кристон Кровлейга кўра, шанба кунига келиб аланга кучайган, устига устак намлик ҳам пасайган. 24 та қурбоннинг 16 таси Итон ёнғин зонаси, қолган 8 таси Палисейдс ҳудудидан топилган. Яна 16 киши бедарак йўқолгани айтилмоқда.

12 январ якшанба кунги ҳисоб-китобларга кўра, Лос-Анжелесдан жами 105 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Яна 87 минг киши жиддий огоҳлантирилган.

Ҳозиргача 12 000 дан ортиқ иншоот – уй, қўшимча бино, кўчма уй, боғ ва автомобиллар вайрон бўлди. Шундан 7 000 таси Итондаги ёнғин оқибатида зарарланди.

Палисейдсда эса ёнғин 5300 га яқин иншоотни, жумладан, камида 426 та уйни вайрон қилди. Ёнғин баҳонасида талончилик ва ўғрилик ҳам кўпайган. Шаҳар маъмурлари бунга жавобан маҳаллий вақт билан кечки 6 дан эрталабки 6 гача комендантлик соатини жорий қилди.

Полиция ҳозиргача 29 кишини ҳибсга олган – шулардан 25 таси Итон ёнғин ҳудудида ва 4 таси Палисейдс ёнғин зонасида қўлга олинган. Улар орасида ўзини ўт ўчирувчи сифатида кўрсатиб, мулкларни ўғирлашга кираётганлар ҳам бор. Комендантлик соатини бузганлар ҳам ҳибсга олиняпти. Миллий гвардиянинг 400 га яқин аъзоси ёрдамга сафарбар қилинган. Ёнғин хавфини камайтириш учун электр энергияси узиб қўйилмоқда. Ёнғин зонасидаги 35 мингга яқин уй ва корхоналар электр таъминотисиз қолди.

Халқаро об-ҳаво прогнозлари билан шуғулланувчи AccuWeather’га кўра, бу АҚШ тарихидаги энг талафотли ёнғинга айланиши мумкин. Зарар ҳозирча 150 млрд доллар дея ҳисобланган.

Ёнғинга иқлим ўзгаришининг таъсири бўлиши мумкинми?

Гарчи кучли шамол ва ёмғир камлиги ёнғинларни келтириб чиқараётган бўлса-да, экспертларнинг айтишича, иқлим ўзгариши ҳам бундай ёнғинлар эҳтимолини оширмоқда.

АҚШнинг ғарбий қисми шу жумладан Калифорния, икки йил олдин тугаган ўн йиллик қурғоқчиликни бошдан кечирди ва бу минтақа экологиясини заифлаштирди. Узоқ йиллик қуруқлик эса алангага монанд табиатни ҳосил қилди.

“Иқлим ўзгариши, жумладан иссиқлик ошиши, узоқ давом этган қурғоқчилик ва чанқоқ атмосфера АҚШнинг ғарбий қисмида ёнғинлар хавфи ва ҳажмини оширишда асосий омил бўлди”, дейди океан ва атмосфера миллий бошқармасидагилар.

Уй-жойи ёниб, мулкидан айрилганлар нима қилади?

Ижтимоий тармоқларда одамлар ёнғин ортидан компенсациясиз қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин бу ҳудуд ёнғинга мойил зона ҳисобланади ва ёнғинлар Лос-Анжелес учун бегона эмасди. Шундан келиб чиқиб аксарият одамлар мулкини суғурталаб қўйган. Аммо айрим суғурта компаниялари ёнғинлар хавфини олдиндан баҳолаб, бир муддат олдин суғурта полислари муддатини узайтирмаган. Шу билан бирга, ёниб кетган уйларнинг қанчаси суғуртасиз бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Калифорния штати маъмурияти ёнғиндан зарарланганлар мурожаат этиши учун алоҳида сайт очди.

“Ушбу мисли кўрилмаган ёнғинлардан жабр кўрган минглаб калифорнияликлар, шуни билингки, ортингизда биз бормиз. Федерал ҳукумат билан мустаҳкам алоқаларимиз ва президентнинг тезкор ҳаракатлари туфайли калифорнияликлар учун федерал ёрдам сўраб мурожаат қилиш имкони яратилди. Биз одамларнинг тикланишига ёрдам бериш учун ресурсларни тақдим қиламиз”, деди штат губернатори Гавин Нюсом.

Кенг кўламли ўрмон ёнғинлари сабабли президент Байден лавозимидаги сўнгги расмий сафарини бекор қилишга мажбур бўлди. У Италияга бориши керак эди. Лекин Оқ уй матбуот котиби Карин Жан Пернинг маълум қилишича, Байден Лос-Анжелесдан қайтгач Италияга жўнашига бир неча соат қолганида сафарни бекор қилган.

Шоҳрух Мажидов тайёрлади.

Мавзуга оид