“40-50 йиллик дарахтлар кесиб ташланди” – Анҳор канали бўйидаги қурилишдан одамлар норози
2024 йилнинг бошида ҳозирги Анҳор-Локомотив парки ва Мавлонов номидаги сейсмология институти ҳудудининг бир қисми олиниб, “дом” қурилиши бошланган. Бу эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган ҳамда иш судгача борган.
Бир гуруҳ фуқаролар судга ариза киритиб, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг “Park Retail” МЧЖга берилган “Бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш учун рухсатнома”сини ва 2023 йил 17 августдаги “Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳақида”ги хулосасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Аммо Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан ариза талабини қаноатлантириш рад этилган. Шундан сўнг судга апелляция шикояти киритилган ҳамда фуқаролар аризаси қисман қаноатлантирилган. Яъни бошқарманинг хулосаси бекор қилинган.
Лабзак маҳалласининг мазкур ҳудудида яшовчи аҳоли Kun.uz’га мурожаат қилди. Улар ҳудуд бошқа компания тасарруфига ўтиб, қурилиш бошланиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини айтишмоқда.
“Қурилиш 2024 йилнинг январ ойидан бошланди. Лекин аҳоли қурилишга қарши. Бу ерда 22 қаватли уйдан тўртта қуришмоқчи бўлишган. Аҳоли “ҳудуд яшил макон бўлиб қолсин”, деб талаб қўйган эди. 2024 йилнинг охирида Ораз деган йигит келиб, “Мана шунақа ваколат берилди, аҳолининг фикрини ўрганишимиз керак”, деди. Мен эса аҳоли тарафдаман, барибир одамларга қарши чиқолмайман, агар қурилиш ўзларининг розилиги билан амалга ошса, мен аралашмайман”, дедим. Кейинчалик Telegram каналида улар қанақадир мажлис ўтказишгани ҳақида хабар чиқди. Фуқароларга телефон қилиб сўрасам, ҳеч ким қатнашмабди”, дейди МФЙ раиси Қудратилла Мўминов.
Маҳаллада яшовчи фуқаролар бу ерда 3-4 та уй қурилса, турли муаммоларга сабаб бўлишини билдирмоқда.
“Мен 16 ёшимдан бери шу ерда яшайман. Ҳозир ўраб олинган ҳудудда 40-50 йиллик дарахтлар бор эди. Ҳаммаси кесиб ташланди. Кейин судга бердик. Маҳкама давомида ҳам қурилиш ишлари олиб борилди. Экологик нормаларни бузди. “Минор” масжиди ёнида меҳмонхона қурилган. У чўкяпти, ҳар куни у ердан сув чиқаришади. Бу ерда ҳожатхона бор эди. Уни таъмирлаймиз деб қурилиш бошлаб юборди”, дейди Ирода Абдураҳмонова.
Бошқа бир фуқаро Kun.uz мухбири билан суҳбатда сўровнома умуман бегона одамлар билан ўтказилганини маълум қилди:
“Ҳозир қурилиш тўхтатилган. Сўровнома ҳақида гапирсам, улар ўтказган тадбирда қатнашмадим. Расмлар орқа томондан олинган. Бизнинг 5 нафар одамимиз борган, қаерда мажлис бўлган, билишмаган. “Апрос” умуман бегона одамлар билан ўтказилган. Бу қурилишнинг олдинги эгаси “Golden house” эди. Ҳозир хўжайинлар ўзгариб, иккинчи фирмага ўтказиб юборишган. Биридан бошқасига ўтиб ётибди, қурилишни давом эттиришга ҳаракат қилишяпти. Бу ердан коммуникация тармоқлари ўтган, шундан хавотирдамиз. Қуёш тушмайди, табиий ёритиш умуман бўлмайди”.
Лабзак маҳалласида истиқомат қилаётган гидротехник Ботир Раҳмонов Kun.uz’га қурилиш майдонидан Анҳор каналигача бўлган масофа 20 метрдан камлигини, нормал шароитларда эса бу 50 метрдан 100 метргача бўлиши кераклигини айтди. Унга кўра, “котлован”нинг чуқурлиги 12 метр, Анҳор каналиники эса 6 метрга тенг. Бу эса “котлован”ни сув босишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳолат юзасидан қурувчи ташкилотдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Суриштирув давомида “Votum rating” МЧЖ директори Екатерина Ледовская Kun.uz’га маҳалла аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровнома юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, жамият сўровнома учун “Research group CA” ижтимоий тадқиқот агентлигига буюртма берган.
“Research group CA” ходимлари “Votum rating” МЧЖ номидан бориб, 468 та хонадонда бўлишди ҳамда аҳоли фикрини ўрганди. Унга кўра, 70 фоиз аҳоли янги лойиҳа бўйича аниқ таклифлари йўқлигини билдирди, 30 фоизи эса ўз таклифларини маълум қилмоқчилигини айтди. Баъзилар автотураргоҳлар масаласини ҳал қилиш кераклигини, қурилиш меъёрларига амал қилишни айтган. Ушбу таклифлар жуда кўп эди ва улар бир ҳужжатга йиғилиб, қурувчига тақдим этилган.
Бундан ташқари, биз 2024 йил 30 декабр куни тадбир ташкил этдик. Унга маҳалла аҳолисини телефон орқали таклиф қилдик ва олдиндан Votum.uz расмий сайтида эълон бердик. Учрашувда қарийб 50 киши иштирок этди ва улар ўз фикрларини билдиришди. Ҳозирча ҳеч қандай лойиҳа йўқ, ер эса бўш. Нима қурилиши номаълум. Айнан ҳозир аҳолининг фикрини эшитишда энг яхши вақт”, дейди Екатерина Ледовская.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги суд қарорига асосан мазкур объектда қурилиш ишлари тўхтатилганини, унинг кенгаш хулосалари бекор бўлганини маълум қилди. Ҳозирча мазкур ер майдонининг кейинги тақдири сўроқ остида қолмоқда.
Мавзуга оид

16:14 / 23.01.2025
2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади

15:21 / 10.01.2025
Танқиддан сўнг: Навоийда 167 хонадонли “новостройка”ни 425 кишига сотган қурувчи қамоққа олинди

17:38 / 28.12.2024
Президент Янги Тошкентдаги илм ва таълим масканлари қурилиши билан танишди

10:11 / 18.12.2024