Иқтисодиёт | 15:36 / 15.01.2025
1476
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширади

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (Pakistan Tanners Association – PTA) раҳбарияти ва аъзолари иштирокида ўтказилган бизнес-форумда иштирок этди.

Фото: "Дунё" АА

Тадбирда 30 дан ортиқ соҳанинг етакчи компания раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Форумда Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари иштирокида терини қайта ишлаш, чарм маҳсулотлари, жумладан тайёр кийим-кечак, пойабзал, қўлқоплар, сувенирлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

"Терига ишлов бериш ва чарм саноати ҳозирча ишга солинмаган, бироқ яқин истиқболда қўшма лойиҳалар учун кенг имкониятга эга тармоқ ҳисобланади. Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари янги бозорларга биргаликда кириб бориш учун пойдевор бўлади, ўзаро савдо ҳажмларини янги турдаги номенклатуралар ҳисобига оширишга хизмат қилади", - деди элчи.

PTA аъзолари Ўзбекистоннинг турдош ташкилот ва уюшмалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, айрим саноат қувватларини мамлакатимизга релокация қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Ўзбекистон элчиси PTA аъзоларини ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, қўшма лойиҳаларнинг техник шартларини келишиш учун Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюришга таклиф этди. Покистонлик тадбиркорлар таклифни мамнуният билан қабул қилиб, 2025 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга боришини билдирди.

"Мамлакатларимиз ўртасида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу жуда қувонарли. Шу билан бирга янги тармоқларда, жумладан тери ва чарм маҳсулотлари йўналишида алоқаларни тизимли ташкил этиш икки давлат салоҳиятидан унумли фойдаланишга хизмат қилади", - деди уюшма президенти Ҳамид Аршад Заҳур.

Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда икки мамлакатда ўтказиладиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. "Бу турдаги тадбирлар томонлар ўртасида янги лойиҳаларни келишиш, соҳадаги илғор технологиялар ва тажриба билан бўлишиш учун қулай платформа ҳисобланади", - дея фикр билдирди уюшма раиси ўринбосари Даниш Аман.

Шу муносабат билан Ассоциация президенти Ҳамид Аршад Заҳур "Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбарияти ва аъзоларини 2025 йил 26-28 январ кунлари Лаҳор шаҳрида ўтказиладиган Pakistan Mega Leather Show халқаро кўргазмасига таклиф этди.

Мавзуга оид