Жаҳон | 12:01 / 15.01.2025
2163
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россиядан алюминий импортини тақиқлаши мумкин

Москвага қарши санкцияларнинг 16-пакети Россия алюминийининг Европа Иттифоқига импортини тўлиқ тақиқлашни ўз ичига олиши мумкин. Блок мамлакатлари билан музокаралар аллақачон бошланган, деб ёзади Reuters.

Фото: Петр Ковалев / ТАСС

Еврокомиссия (ЕИ) Москвага қарши санкцияларнинг 16-пакети доирасида Россия алюминийининг импортини тақиқлашни таклиф қилмоқчи, деб хабар берди Reuters 14 январ, сешанба куни европалик дипломатларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, ЕИ «евроиттифоқ мамлакатлари билан норасмий учрашувлар ўтказиб, бўлажак санкциялар тафсилотларини муҳокама қилган». Дипломатлардан бири бирламчи алюминий импортига тақиқ «босқичма-босқич жорий этилишини» қўшимча қилди.

Еврокомиссия 24 феврал куни, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан Москвага қарши янги жазо чоралари пакетини қабул қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади Reuters. Агентлик маълумотларига кўра, 2024 йил охирида Европа Иттифоқининг 10 та давлати Россия билан иқтисодий ҳамкорликка, хусусан, металлар савдосига қўшимча чекловлар жорий этишни таклиф қилган.

АҚШ ва Буюк Британия Россиядан металл олиб киришни тақиқлади

Буюк Британия ва АҚШ 2024 йилда Россияда ишлаб чиқарилган металлни импорт қилишни тақиқлади. Европа Иттифоқи, ўз навбатида, фақат алюминий сим, фолга ва баъзи қувурларни етказиб беришни тақиқлади, бир йил олдин Брюсселда бирламчи алюминийдан бутунлай воз кечиш даргумон деб ҳисобланган, дея хабар беради Politico.

Сўнгги икки йил ичида Россиядан алюминий импорти ҳажми камайди, деб ёзади Reuters. 2024 йилнинг январидан октябригача Европа Иттифоқига ушбу енгил металл импортининг 6 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келди.

Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакети

16 декабр куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Украинага қарши агрессив уруши учун Россияга қарши 15-санкция пакетини маъқуллади. Хусусан, Россия Федерациясининг «соядаги флоти» таркибига кирувчи учинчи давлатларнинг 52 та танкерига нисбатан чекловлар жорий этилди. Бу Европа Иттифоқи санкциялари остидаги кемаларнинг умумий сонини 79 тага етказди. Уларга Европа Иттифоқи портларига кириш ва Европа компаниялари хизматларидан фойдаланиш тақиқланган. Европа Иттифоқи, шунингдек, денгиз орқали хом нефт ва нефт маҳсулотларини ташиш учун масъул бўлган Россия мудофаа ва юк ташиш компанияларига ҳам санкциялар киритди.

Мавзуга оид