Жаҳон | 18:05 / 22.01.2025
4969
3 дақиқада ўқилади

Трамп президентликка киришган куниёқ бир неча судга берилди

Даъволар АҚШ янги президентининг буйруқ ва меморандумлари билан боғлиқ. Трамп биринчи иш кунида 200 га яқин ҳужжатни имзолади.

Фото: Bloomberg

АҚШ янги президенти Доналд Трампга қарши судга бир неча даъво аризаси берилди. Бу унинг биринчи иш кунидаёқ юз берди ва камида 3 та даъво аризаси мавжуд, деб ёзди Bloomberg.

Даъволардан бири 20 январ куни 37 та федерал агентлик ва идора ходимларини ифодаловчи Миллий ғазначилик ходимлари касаба уюшмаси (National Treasury Employees Union) томонидан қўзғатилган. Бу Трамп томонидан имзоланган юқори мартабали федерал ходимларни ишдан бўшатиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи буйруқ билан боғлиқ. Иш Вашингтондаги федерал судда кўриб чиқилади.

Даъвогарларнинг таъкидлашича, президентнинг ҳаракатлари қонунчилик мақсадига зид, чунки Конгресс федерал кадр ходимлари учун «муносиб юридик жараён ҳуқуқини» ўрнатган.

«Трамп буйруғи апелляция ҳуқуқисиз ишдан бўшатилиши мумкин бўлган ходимларнинг янги тоифасини яратиш орқали давлат хизматини тубдан ўзгартиради», дейилади даъво аризасида.

Яна бир даъво бир неча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Ню Ҳэмпшир федерал судига киритилган. Улар Трамп маъмуриятининг ноқонуний мигрантларнинг АҚШ ҳудудида туғилган болаларига фуқаролик беришни рад этиш ҳақидаги қарорига қарши чиқишди. Аризада бу қарор Конституцияга 14-тузатиш ва бошқа қонунларга зид экани таъкидланади.

«Туғилиш ҳуқуқи асосида фуқаролик беришнинг моҳияти шундаки, АҚШда туғилган ҳар бир бола жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб ҳаёт бошлаши кафолатланган», — дейилади аризада.

Жавобгар сифатида Доналд Трамп, Ички хавфсизлик вазирлиги, Давлат департаменти ва бошқа ташкилотлар кўрсатилган. Энди бу масала Олий суд муҳокамасига чиқиши кутилмоқда.

1868 йилда конституцияга 14-тузатиш билан ратификация қилинган тамойилга кўра, ота-онасининг кимлиги ва мақомидан қатъи назар АҚШ ҳудудида туғилган ҳар бир бола фуқаролик олиш ҳуқуқига эга. 1898 йилда Олий суд мазкур ҳуқуқ мигрантларнинг фарзандларига ҳам тегишли эканлигини тасдиқлаган.

Учинчи даъво National Security Counselors юридик фирмаси томонидан тайёрланган бўлиб, унда тадбиркор Илон Маск ва республикачи Вивек Рамасвами бошчилигида АҚШ Ҳукумат Самарадорлик Департаментининг (DOGE) ташкил этилиши 1972 йилда қабул қилинган АҚШ қонунини бузгани даъво қилинган. Қонун маълум маълумотларни ошкор қилиш, ишга ёллаш талаблари ва бошқа амалиётларга риоя қилишни талаб этади.

Доналд Трампнинг инаугурация маросими 20 январ куни бўлиб ўтди. Лавозимга киришганидан кейин у 200 га яқин буйруқни имзолади, жумладан олдинги президент Жо Байден томонидан имзоланган 78 та буйруқ ва меморандумни бекор қилди. Трамп, шунингдек, аввалги маъмурият томонидан тайинланган мингдан ортиқ одамни ишдан бўшатиш ниятида эканини маълум қилди.

Мавзуга оид