«Чегара билмас мухбирлар» Туркманистонда журналист аёлни заҳарлашга уриниш ҳақида маълум қилди
Туркманистонлик мустақил журналист Солтан Очилова мажбуран касалхонага ётқизилгани учун мукофотни олиш учун Женевага учиб келолмади. Илгари уни заҳарлашга уриниш бўлган, деб ёзади «Чегара билмас мухбирлар».

Солтан Очилова Фото: hrw.org
Туркманистон хавфсизлик хизматлари 2024 йил охирида 75 ёшли мустақил журналист Солтан Очилованинг хорижга чиқишига йўл қўймаслик учун уни заҳарлашга уринган. «Чегара билмас мухбирлар» инсон ҳуқуқлари ташкилоти 22 январ, чоршанба куни хабар беришича, заҳарлашга муваффақиятсиз уринишидан сўнг Очиловани Ашхободдаги квартирасидан ўз хоҳишига қарши ҳолда касалхонага олиб кетишган ва бу унинг Женевага учишига учинчи марта имкон бермаган.
Журналист Женевада мукофотни ололмади
Швейцарияда журналист Мартин Энналс халқаро инсон ҳуқуқлари мукофотини олиши керак эди. Мукофот унга 2021 йилда Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги журналистик фаолияти учун берилган.
«Солтан Очиловани заҳарлашга уриниш ва уни мажбурий касалхонага ётқизиш Туркманистон учун ҳам ҳаддан ташқари чорадир», деди RSF Германия бўлими ижрочи директориАня Остерхаус. Мустақил журналистикани бостириш учун диктатура ҳеч нарсадан тўхтамайди, дейди у. «Буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Расмийлар энди Солтан Очилованинг ишига тўсқинлик қилмаслиги ёки унинг сафарига халақит бермаслиги керак», — дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Заҳарлашга уриниш ва касалхонага ётқизиш
Олдинроқ Очилова Нидерландияда жойлашган «Хроника Турменистана» нашри учун видеода режалаштирилган сафардан бир кун олдин унинг уйига бир киши уч марта келиб, ёрдам сўрагани ҳақида хабар берган эди. Ўзини Овез Пердаев деб таништирган номаълум шахс порахўр ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан можаро ҳақида гапириб берган, шундан сўнг Очилова унинг воқеасини видеога олишга рози бўлган.
Охирги ташрифи пайтида унга сомса олиб келган. Суҳбат чоғида бўлган қўшниси сомсалардан бирини еб, кўп ўтмай ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилган. Журналистнинг фикрича, гап сохта одам ёрдамида уни заҳарламоқчи бўлган махсус хизматларнинг ҳаракатлари ҳақида кетмоқда.
Парвоз куни Очилованинг квартирасига оқ тиббий халат ва ниқоб кийган тўрт киши келган. Улар юқумли касалликка гумон қилинаётганини баҳона қилиб, аёлни кўрикдан ўтказиш учун «шошилинч равишда» шифохонага етказиш зарурлигини айтган. Ҳеч қандай аломат йўқлигига қарамай, у мажбуран юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш марказига олиб борилган ва у ерда олти кун давомида алоқа воситаларисиз ушлаб турилган.
Мавзуга оид

14:53
Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон агросаноат соҳаси бўйича музокара ўтказди

23:49 / 10.02.2025
Ўзбекистонга 115 тонна дизел ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди

17:01 / 03.02.2025
Туркманистон 2022 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилди

21:37 / 01.02.2025