Жаҳон | 16:03 / 28.01.2025
14846
13 дақиқада ўқилади

АҚШда юк ташиш инқирози тугадими?

АҚШдаги юк ташиш соҳасида ишлаш кўплаб ўзбекистонликлар учун муваффақиятли ҳаёт кечиришнинг калитига айланган десак муболаға бўлмайди. Пандемиядан кейин инқироз бошланиб, юк ҳажми қисқарди, тўлов ставкалари пасайди ва кўплаб корхоналар банкрот бўлди. Хўш, кейинги йилларда мазкур соҳадаги бозор динамикаси қандай бўлади?

Фото: AFP

АҚШда юк машинасини, яъни тракни ҳайдаш нафақат касб, балки кўплаб ўзбекистонликлар учун имкониятлар манбаи ҳисобланади. Бу соҳа юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга бўлиб, кўпчилик учун Қўшма Штатларда муваффақиятли ҳаёт кечиришнинг калитига айланган.

Шубҳасиз, COVID-19 пандемияси даврида юк ташиш ўзининг энг шонли даврини бошдан кечирди. Аммо пандемия тугаши билан қийинчиликлар бошланиб, соҳа "Буюк юк ташиш инқирози" деб номланган оғир даврга кириб қолди. Хусусан, юк ҳажми қисқарди, тўлов ставкалари пасайди ва кўплаб корхоналар банкрот бўлди. Бу инқироз ўзбекистонлик ҳайдовчилар ва уларнинг оилалари учун катта зарба бўлди, чунки юртдошларимиз учун бу нафақат иш, балки бутун ҳаёт тарзини ташкил этарди.

АҚШдаги юк ташиш соҳаси мамлакат таъминот занжирининг ажралмас қисми ва иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири ҳисобланади. Юк ташиш соҳасини янада аниқроқ тушуниш учун RXO корхонаси томонидан тақдим этилган маълумотларга эътибор қаратиш муҳим. Хусусан:

  • Мамлакатда амалга ошириладиган барча юк ташиш операцияларининг 72,5 фоизи қуруқликда юк машиналари орқали амалга оширилади;
  • Ҳар йили ушбу сектор АҚШ иқтисодиётига 791,7 миллиард долларлик даромад олиб келади;
  • Ҳозирда АҚШда 3,91 миллион Сlass 8 турига мансуб оғир юк машиналари йўлларда ҳаракатланмоқда.

Албатта, бу рақамлар АҚШдаги юк ташиш саноатининг улкан аҳамияти ва унинг фаолияти қанчалик кенг қамровли эканини аниқ кўрсатиб беради. Қолаверса, ушбу сегментдаги бозор жуда тарқоқ эканини ва ҳеч қайси корхона йирик монопол мавқега эга эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу эса катта бозорда ҳар бир иштирокчи учун фойда олиш имкониятини яратади. Мисол учун, йирик ўнталикка кирувчи маҳаллий юк ташиш корхоналари умумий бозорнинг атиги 6 фоизини эгаллайди. Бундан ташқари, бозордаги корхоналарнинг 97,4 фоизи 20 тадан кам юк машиналари билан ишлайди, бу эса соҳанинг тарқоқ характерини аниқроқ кўрсатади. Эътиборлиси, АҚШда фаолият юритаётган ўзбек корхоналарининг аксарияти кичик ҳажмдаги юк ташиш компаниялари қаторига киради.

Юртдошларимиз учун бу соҳани танлаш сабаблари нимада?

Нега кўплаб ўзбек корхоналари АҚШда юк ташиш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади? Бу бозорнинг шароитларини яхшироқ тушуниш учун унга яқиндан назар ташласак, бир неча асосий иқтисодий омилларнинг таъсирини кўриш мумкин. Биринчидан, бу соҳада кириш ва чиқиш учун паст тўсиқлар мавжуд бўлиб, янги ташувчилар учун бозорга кириш нисбатан осон. Иккинчидан, ҳукумат чекловларининг камлиги сабабли бозор иштирокчилари мослашувчанликка эга ва ўз стратегияларини тезкор ўзгартира олади. Учинчидан, бозорда юз минглаб ташувчилар ва юк жўнатувчилар иштирок этади, бу эса соҳанинг рақобатбардошлиги ва динамиклигини таъминлайди. Айнан шу сабабларга кўра, ўзбек диаспораси вакилларининг аксарияти ушбу соҳада фаолият юритади.

Бозор динамикаси:

Таъкидлаш жоизки, ушбу бозорнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Бутун дунёда юк ташиш соҳасида таклиф, яъни ташувчилар имконияти ва талаб, яъни юк ҳажми ўртасидаги мувозанат доимий равишда ўзгариб боради.

COVID-19 пандемияси даврида юк ташиш соҳасида қулай шароитлар шаклланиб, кўплаб компанияларга АҚШ бозорида сезиларли даромад олиш имкониятини яратди. Пандемия сабаб глобал етказиб бериш занжирларида юк ташишга бўлган талаб кескин ошди. Корхоналар маҳсулотларни омборлардан дистрибютор марказларига ва улгуржи савдо пунктларига етказишда юк машиналарига таянишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, онлайн харидларнинг ортиши йирик омборлар ва логистика марказлари ўртасидаги юк ташиш жараёнларини янада жадаллаштирди. Шу билан бирга озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларнинг узоқ масофаларга етказилиши юк ташиш бозорида фаолликни оширди. Бу АҚШдаги ўзбек тадбиркорларига ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб, уларнинг юк ташиш соҳасида муваффақиятга эришишига туртки бўлди. Бироқ бозорнинг циклик табиати туфайли пасайиш босқичига қайтиш фақат вақт масаласи эди, COVID-19 пандемиясидан сўнг эса талаб ва таклиф мувозанатининг бузилиши нархларнинг кескин пасайишига олиб келди.

Ёқилғи нархлари:

Юк ташиш бозоридаги ўзгаришлар кўплаб омиллар таъсири остида шаклланади ва ушбу омилларни таҳлил қилиш бозор инқирозининг қай даражада тугаганини аниқлашга ёрдам беради. Шулардан бири ёқилғи, хусусан, дизел нархларидир. Дизел ёқилғиси юк ташувчи корхоналар умумий харажатларининг тахминан 30 фоизини ташкил қилади. Агар унинг нархи юк ташиш тарифларига нисбатан тезроқ кўтарилса ёки тушса, бу корхоналарнинг даромадига сезиларли таъсир кўрсатади. СОВИД-19 пандемияси даврида дизел ёқилғиси нархлари кескин пасайди. Пандемия таъсири натижасида 2020 йилда дизел нархи $2,58/галлонгача (1 галлон = 3,8 литр) пасайиб, бу корхоналар фаолиятининг вақтинча тўхташи, ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши ва ёқилғига бўлган талабнинг рекорд даражада пасайиши билан изоҳланди. Натижада бу ҳолат глобал таъминот занжирига сезиларли таъсир ўтказиб, дизел нархларини мисли кўрилмаган даражага туширди.

Манба: АҚШ Энергетика ахборот бошқармаси

Пандемиядан кейин, 2021 йилда иқтисодий тикланиш жараёни ва ёқилғи бозоридаги босимлар АҚШда дизел нархлари кўтарилишига туртки бўлди. Қўшимчасига 2022 йилда Россия-Украина уруши каби геосиёсий воқеалар натижасида нархлар $4,71/галлонгача етиб, тарихий чўққига чиқди. Бу, албатта, транспорт харажатларининг сезиларли ошишига ва корхоналарга қўшимча молиявий юк тушишига олиб келди. Бироқ бозор вазиятни тиклай бошлади. 2023 йилда дизел нархлари пасайишга юз тутди ва 2024 йилда $3.49/галлон даражасида барқарорлашиб, пандемиядан олдинги даврга қайтди. Ушбу тенденция шубҳасиз, юк машиналари ҳайдовчилари ва бизнес эгалари учун ижобий ўзгариш бўлиб, бозор инқирозидан чиқишда мустаҳкам замин яратади.

Юк ташиш бозоридаги спот ставкаларининг йиллик ўзгариш тенденцияси (2019–2025 йиллар)

Манба: Truckingdive.com

Юқоридаги график сўнгги йилларда юк ташиш бозоридаги «спот» ставкаларнинг ўртача ўзгаришини акс эттиради. Спот ставкалар бу юкни белгиланган вақтда ташиш учун жорий бозор нархи бўлиб, одатда қисқа муддатли келишувлар асосида амалга оширилади ва узоқ муддатли шартномаларга нисбатан анча ўзгарувчан бўлади. Ушбу ставкалар бозордаги талаб ва таклиф балансига қараб доимий равишда ўзгариб боради.

COVID-19 пандемияси даврида спот ставкалар кескин ошган бўлса, 2022-2023 йилларда улар кескин пасайди. Бироқ охирги пайтларда юк ташиш тарифлари яна кўтарилмоқда. Хусусан, 2025 йил январ ҳолатига кўра, совиткичли трейлерда юк ташиш (reefer) - $2,22/мил (1 мил = 1,6 км), очиқ платформали юк ташиш (flatbed) - $2,04/мил ва қуруқ трейлерда юк ташиш (dry van) - $1,84/мил даражасига етган. Бу ўсиш, асосан, талабнинг ошиши ёки юк ташиш таклифининг камайиши билан изоҳланади.

Бироқ графикка назар ташласак, бозор аста-секин пандемиядан олдинги барқарорлик йўлига қайтаётгани сезилмоқда. Ставкаларнинг ҳаддан ташқари тебранишлар даври ортда қолиб, тарифлар меъёрий даражаларга яқинлашмоқда. Бу эса юк ташиш соҳасининг тикланаётганини ва келажакда янада барқарор бўлишини кўрсатмоқда.

АҚШ юк ташиш бозорида чиқувчи буюртмаларни рад этиш индекси (2019, 2023, 2024 йиллар)

Манба: Freightwaves.com

Юқоридаги график АҚШнинг буюртмалар рад этиш индексини акс эттириб, юк ташувчилар томонидан рад этилган буюртмалар фоизини кўрсатади. Рад этиш кўрсаткичи юқори бўлса, бу юк ташиш таклифининг чекланганини билдиради, паст бўлса, ортиқча таклиф ва юк ташишга бўлган талабнинг сустлигини англатади. Графикда 2024 йил (оқ чизиқ) учун рад этиш кўрсаткичи кескин ошиб, 9,69 даражасига етгани кўрсатилган. Бу юк ташиш таклифининг камайиши ёки юк ташишга бўлган талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади. 2019 йил (тўқ сариқ чизиқ) маълумотларига кўра, рад этиш кўрсаткичи дастлаб юқори бўлиб, максимал 11,18 даражага етган, сўнгра пасайган, бу даврда юк ташиш бозори талаб юқори бўлган қисқа муддатли ўзгаришларга дуч келган. 2023 йил (пушти чизиқ) эса анча паст кўрсаткичларга эга бўлиб, 5,24 даражасида турган, бу эса бозорда ортиқча таклиф бўлганини билдиради. 2024 йилда рад этиш кўрсаткичининг кескин ошиши юк ташиш соҳасида таклифнинг камайганини ёки талабнинг ортганини англатади, бу эса юк ташиш ставкаларининг ошишига олиб келиши мумкин. Рад этиш кўрсаткичи ўсишига иқтисодий фаолликнинг ортиши, мавсумий талабнинг кўпайиши ҳамда юк машиналари ва ҳайдовчиларнинг етишмовчилиги сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ўзгаришлар бозорнинг пандемиядан олдинги даражасига қайтаётганини англатиб, юк ташиш ставкаларининг ошиши ва юк жўнатувчилар учун транспорт воситаларини топишдаги қийинчиликларнинг кучайиши эҳтимолини кўрсатмоқда.

Бошқа омиллар:

Бозор омилларига бевосита таъсир кўрсатадиган ташқи кучлар ҳам мавжуд бўлиб, улар орасида Clearinghouse-II қоидаларини алоҳида таъкидлаш мумкин. Мазкур қоидалар АҚШ Федерал автотранспорт агентлиги (FMCSA) томонидан 2024 йил 18 ноябрда кучга киритилган.

Clearinghouse-II қоидаларининг кучга кириши юк ташиш бозорига бевосита таъсир кўрсатади, чунки ушбу қоидалар натижасида кўплаб ҳайдовчилар иш фаолиятини давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, қоидаларнинг қатъий ижроси натижасида 177 мингга яқин ҳайдовчи ўз CDL лицензиясидан айрилиши эҳтимоли бор, бу эса юк ташиш таклифининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади. Бозордаги ҳайдовчилар сонининг камайиши юк ташишга бўлган талабни оширади, натижада юк ташиш хизматлари нархи кўтарилади. Мавжуд ташиш қуввати камайгани сабабли юк жўнатувчилар камроқ ташувчилар билан ишлашга мажбур бўлиб, спот ставкалари сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда. 

Бундан ташқари, АҚШда янги администрациянинг фаолияти юк ташиш бозорига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, чунки ҳар бир ҳукумат ўзининг иқтисодий ва транспорт сиёсатини шакллантиради. Агар янги маъмурият инфратузилма лойиҳаларига эътибор қаратиб, логистика соҳасини қўллаб-қувватласа, бу юк ташиш таклифи ва самарадорлигини ошириши мумкин, натижада ставкалар барқарор қолади ёки пасаяди. Бироқ экологик талабларга қатъийроқ ёндашув, хусусан, углерод чиқиндиларини камайтириш ва электр юк машиналарига ўтиш бўйича сиёсатлар, дизел ёқилғиси билан ишлайдиган юк машиналарига қўшимча харажатлар юклаши мумкин, бу эса юк ташиш тарифлари ошишига олиб келади.

Шу билан бирга иммиграция сиёсатининг ўзгариши ҳам юк машинаси ҳайдовчилари таъминотига таъсир қилиши мумкин, чунки кўплаб юк ташиш компаниялари иммигрант ҳайдовчиларга таянади. Агар янги ҳукумат иммиграция жараёнларини мураккаблаштирса, бу ҳайдовчилар танқислигига ва натижада юк ташиш ставкалари ўсишига сабаб бўлиши мумкин.

 Хулоса:

Хулоса қилиб айтганда, турли объектив бозор омиллари АҚШ юк ташиш бозорида барқарорлик тикланаётганини ва нархларнинг аста-секин ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса юк ташувчилар учун фойда олиш имкониятларини ошириб, уларнинг фаолиятини мустаҳкамлашга замин яратмоқда. Юк ташиш соҳаси ўзига хос циклик хусусиятга эга бўлиб, АҚШ бозорида одатда 3-5 йиллик даврий ўзгаришлар кузатилади. Ушбу цикллар кенгайиш, чўққи, қисқариш ва инқироз босқичларини ўз ичига олади. Ҳозирги вазият эса бозорга нисбатан оптимистик кайфият бағишлайди, чунки нархлар барқарорлашуви ва юк ташиш таклифининг мувозанати соҳа иштирокчилари учун янги имкониятлар яратмоқда.

Бозор 2023 йил охирида ўзининг энг паст нуқтасига етган бўлса, ҳозирда тикланиш жараёни кузатилмоқда ва кўрсаткичлар барқарор ўсишга йўналтирилган. Инқироз даври ортда қолиб, 2025 йил юк ташиш сектори ўсиш билан ўтиши кутилмоқда. Бироқ мутахассислар бу ўсиш 2020 ва 2021 йиллардаги каби кескин ва юқори даромадли бўлмаслигини таъкидламоқда. Шу боис, аввалги йилларга нисбатан бозор чўққиси пастроқ даражада шаклланиши мумкин. Шунга қарамай, сўнгги инқироздан сўнг соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани аниқ.

Салихов Соҳибхон, ITF Group LLC

Мавзуга оид