81935998_USA_Azerbaijan_flags_605 АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Мари Харф Вашингтонда ўтказилаётган матбуот эркинлиги ҳафталиги доирасида Freedom House нодавлат ташкилотининг “Матбуот эркинлиги-2015” ҳисоботига муносабат билдирар экан, Озарбайжон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги мажбуриятларини бажармаётганлигини, сўз эркинлиги қоидаларига хилоф равишда 12 нафар журналист ва блогерни ҳибсда сақлаётганини таъкидлаб ўтди. “Озарбайжонда 12 журналист ва блогерлар ҳукумат кўрсатмасига биноан ҳибс этилган. Улар ичида 2013 йилдан буён қамоқда сақланаётган Ҳилол Мамедов ҳам бор”, - унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги. Ҳилол Мамедов “Толиш овози” газетасининг собиқ бош муҳаррири бўлиб, у давлатга хиёнатда ва миллатлараро зиддиятлар келтириб чиқарганликда айбланиб беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йилда БМТнинг махсус ишчи гуруҳи Мамедов ишини кўриб чиқиб, унинг асоссиз равишда ҳибсда сақланаётганини эътироф этди ва ҳукуматни уни озод қилишга чақирди. Харф хоним ҳам ўз чиқишида Озарбайжонни ҳибсда сақланаётган журналистларни озод қилишга ва бундай асосда ахборот соҳаси вакилларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Freedom House нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган “Матбуот эркинлиги-2015” ҳисоботида Озарбайжон бу кўрсаткич бўйича 199 мамлакат ва давлат ичида 188-ўринга қўйилган.