Наманган давлат университетида Кексаларни эъзозлаш йили ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан хотира кечаси ўтказилди. Раҳмонжон Мамадалиевнинг маълум қилишича, “Дийдор” деб номланган тадбирга олий ўқув юртида аввал ишлаган ва ҳозирги пайтда нафақада бўлган профессор-ўқитувчилар ҳам таклиф этилди. Университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаров кеча қатнашчиларини қутлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар биринчи навбатда халқ турмуш фаровонлигини юксалтиришга, жамиятни янада демократлаштиришга қаратилганлигини таъкидлади. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Н. Ҳайиталиев, вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Т. Дедахонов, университетнинг собиқ ректори М. Маматов, жисмоний тарбия ва спорт йўналиши талабаси С. Нурматов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда кексаларни эъзозлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини қайд этдилар. Тадбир қатнашчиларига олий ўқув юртининг ривожланишига катта ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар ҳақида ҳикоя қилувчи слайдлар тўплами намойиш этилди. Марҳум устозлар хотираси ёдга олинди. Фахрийларга маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари ҳам топширилди. Устозлар учрашуви Талабалар уйида ташкил этилган бир пиёла чой устидаги суҳбат билан якунланди.