[caption id="attachment_36836" align="aligncenter" width="765"]© Fotolia © Fotolia[/caption] АҚШ ҳукумати интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиллик ҳисобот эълон қилди. Ундан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича назорат рўйхати ўрин олди. Рўйхатга АҚШнинг 24 савдо ҳамкори киритилган. Улар орасида МДҲ давлатларидан Беларусь, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бор. Рўйхатдаги давлатлардан иккитасида – Тожикистон ва Туркманистонда жорий йилда интеллектуал мулк ҳимояси соҳасининг навбатдан ташқари текшируви ўтказилиши маълум қилинган. Ушбу рўйхатдан ташқари, интеллектуал мулк ҳимояси бўйича “қора рўйхат” ҳам эълон қилинган. Унга 13 давлат номи киритилган: Россия, Жазоир, Аргентина, Венесуэла, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Кувайт, Покистон, Таиланд, Украина, Чили ва Эквадор. Ўтган йилги ҳисоботда Украина “мамлакатдаги сиёсий вазият туфайли” рўйхатдан чиқарилган эди. Шунингдек, Кувайт ва Эквадор ҳам ўтган йилги “қора” рўйхатдан ўрин олмаган эди. Ҳужжатда асосий эътироз Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, шунингдек, АҚШнинг ён қўшнилари бўлмиш Канада ва Мексикага билдирилган.