Kun.uz: Саудия Арабистони ҳукумати Saudi Aramco миллий нефть компаниясини реструктуризация қилиш режасини маъқуллади. Бунда компаниянинг мамлакат Нефть вазирлигидан ажратилиши асосий ўзгариш бўлади. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда.

Мамлакатнинг Олий иқтисодий кенгаши реструктуризация режасини маъқуллаган, деб қўшима қилмоқда телеканал.

Маълумот учун, компанияни 10 кишидан иборат янги олий кенгаш бошқаради. Кенгашга қиролликнинг ворис шаҳзодаси ўринбосари Муҳаммад ибн Салмон бошчилик қилади. 29 апрелда Саудия Арабистони қироли Салмон ҳукумат таркибида ҳам катта ўзгартиришлар амалга оширди. Хусусан, қирол қиролликнинг нефть вазири, Saudi Aramco директорлари кенгаши раиси Али ал-Наимийни лавозимидан озод этиб, унинг ўрнига Холид ал-Фолиҳни тайинлади. Шу куннинг ўзида қирол тахтга ворислик қилиш тизимида туб ислоҳотлар ўтказди. Қирол Салмон бу тизимни шундай ўзгартирдики, унинг укаси Мукрин ибн Абдулазиз ўрнига ворис шаҳзода сифатида унинг жияни Муҳаммад ибн Найаф, тахтга иккинчи ворис этиб Салмоннинг ўғли Муҳаммад ибн Салмон тайинланди.

Апрелда Саудия Арабистони хорижий нефть қайта ишловчилар томонидан билдирилаётган юқори талабга жавоб тариқасида ўзининг нефть ишлаб чиқариш ҳажмини рекорд даража – кунига 10,3 млн баррелгача кўпайтирди.