517_20 Kun.uz: Чирчиқда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги янги маданият ва истироҳат боғи очилди. Бу боғ жорий йилнинг 1 май кунида Чирчиқ шаҳри бунёд этилганлигига 80 йил тўлиши муносабати билан барпо этилди. “Чирчиқ” газетаси маълумотларига кўра, янги боғ буюк ўзбек шоири, мутафаккири, тарихчи ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ёнидаги эски хиёбон ўрнида барпо этилди. “Реконструкцияланган ҳайкал боғнинг ҳақиқий безагига айланди. Унинг пойи ва атрофидаги йўлкаларга тегишли кўриниш берилди – қурувчилар боғни сайрга қулай ва шинам бўлиши учун барча имкониятларни ишга солишди. Шунингдек, яшил экинларнинг гуллаб-яшнашини таъминловчи замонавий суғориш тизими ҳам йўлга қўйилдики, бу ўз навбатида боғнинг йилдан йилга чирой очиб, соя-салқин бўлишини таъминлайди. Бундан ташқари эндиликда боғ ҳудудида қаҳвахона, сув ҳавзаси, спорт майдончалари, фавворалар бор. Шунингдек, боғда турли арғимчоқ ва аттракционлар ўрнатилди”, – деб ёзади мақола муаллифи. xab-2