Фабрика Форматов754306353447754 Kun.uz: Финляндия ҳарбий бошқармаси захирадаги ҳарбий хизматчилар ҳисобланадиган 900 минг нафар фуқарога "ҳар қандай вазиятга тайёр туриш" таъкидланган мактубларни жўнатган. Бу ҳақда Newsweek журналида ёзиб чиқилди. Шунингдек, телевидение орқали ҳам захирадаги ҳарбий хизматчиларни эҳтимолий сиёсий инқироз ҳолати ҳақида огоҳлантириш амалга оширилгани айтилмоқда. Маълум қилинишича огоҳлантириш хатлари мамлакатнинг 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларига жўнатилган. Фин журналисти Питер Лисколанинг ёзишича, ҳукумат бундай ишга илк бор қўл урмоқда. У ҳукуматни ваҳима кўтариш ва ҳарбий харажатларни оширишга ҳаракат қилаётганликда айбламоқда. Қайд этилишича, ўтган ҳафтада фин балиқчилари Финляндия сувларида номаълум объектни кўришгани ҳақидаги хабардан кейин, аҳоли орасида Россия томонидан келиши мумкин бўлган таҳдид бўйича миш-мишлар тарқалган. Финляндия Мудофаа вазирлигининг ахборот бўлими директори Мика Каллиома эса, захирадаги ҳарбийларга хат жўнатилиши Россиядан таҳдид бўлиши хавфи билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган. Маълумот учун, Финляндия шарқда Россия билан 1300 километрлик чегараларга эга ҳисобланади. Мамлакат аҳолиси 5,2 млн кишидан иборат бўлиб, айни вақтда армияда 16 минг аскар хизмат қилмоқда. Ҳарбий ҳолат эълон қилинган вақтда эса армияга 230 минг кишини жалб қилиш мумкин. xab-2