11420067-large Kun.uz: Кремний водийсидаги технологик компаниялар фақат ёш мутахассисларни ишга ёллашни маъқул кўради, деган кенг тарқалган тушунча мавжуд. Кўпчилик кузатувчилар ҳаттоки ёш бўйича камситиш мавжудлигини ҳам таъкидлашмоқда. Google’нинг HR-департаменти (ходимлар билан ишлаш департаменти) раҳбари бу фикрга қўшилмаяпти. Stack Overflow сайти маълумотларига кўра, IT-компаниялардаги ходимларнинг ўртача ёши 28 ёшни ташкил қилади. Бу кўрсаткичнинг ўзигина ишга олишда ёш бўйича камситиш ҳақидаги айбловларга мос келади. Қолаверса, New Republic нашри технология индустриясининг янги тренди бўлиб ботокс инъекциясидан фойдаланиш бўлаётганини айтмоқда, ундан ҳаттоки ёши 30дан пастроқлар ҳам фойдаланмоқда. Бу жараёнлардан асосий мақсад ёшроқ кўриниш ҳисобланади. Google компаниясининг HR-директори Лазло Бок эса бундай айбловларни инкор этмоқда. Reddit сайтида савол-жавоб тарзида ўтган сессияда Бок ишга олишда ягона мезон бу аввал эришилган натижалар ҳисобланишини айтди. Бок ёш бўйича камситишнинг мавжуд эмаслигига мисол тариқасида Google’даги энг кекса ходимнинг ёшини келтириб ўтди. “Google исталган ёшдаги одамларни ишга олади. Бизнинг энг кекса ёшдаги ходимимизнинг ёши саксондан ошиб кетган! Ишга олишда асосий мезон сизнинг аввалги иш тажрибангиз ҳисобланади”, деб айтди Бок. Компаниянинг энг кекса ходимининг исми айтилмади. Бу баёнот флоридалик Роберт Хит исмли 64 ёшли дастурчи Google’га қарши берган суд даъвосига жавобан айтилган. Хит компанияни ёш белгиси бўйича камситишда айблаб чиққанди. xab-4