049840

Kun.uz: Индонезиянинг Ачех вилоятида ўғил болалар ва қиз болалар мактабда алоҳида ўқиши тўғрисида қонун қабул қилинди. Вилоят ҳукумати эркаклар ва аёлларнинг бирга мотоциклда юришини тақиқлаб қўйишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

“Ҳозир биз жорий қилаётган қоидалар барча анъанавий ислом мактабларида қабул қилинади”, деб айтмоқда вилоят қонунчилик йиғини аъзоси Фаузан Ҳамза. Ҳамза алоҳида ўқиш амалиёти ҳозирча фақатгина Шимолий Ачехда (Ачех вилоятининг бир қисми) қўлланилаётганини айтди. Ҳамза бундай қоидалар бутун вилоятда маъқулланади, деб умид билдирмоқда.

Ҳамза қонун ишлаб чиқарувчилар транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини кучайтириш зарурлигини муҳокама қилишлари кераклигини таъкидлаб ўтди. У 2013 йилда аёлларга мотоциклда юришни тақиқловчи (ён томонда жойлашган ўриндиқда кетиш бундан мустасно) қонун қабул қилингани, бироқ бу қонунга амал қилинмаётганини айтиб ўтди ҳамжа эркаклар ва аёллар бирга мотоциклда юришини тақиқлаб қўйишга чақирмоқда.

Апрелда Шимолий Ачех ҳукумати аҳолига ҳар куни кечаси Қуръон тиловат қилиш мажбуриятини қўювчи қонунни маъқуллаган эди. Ҳозирда ҳужжат вилоят ҳукуматида кўриб чиқилмоқда. 2014 йил октябрда Ачехда бир жинс вакилларининг алоқа қилишларини тақиқловчи қонун қабул қилинганди. Ушбу қоидани бузганлар жазо тариқасида 100 маротаба қамчиланади.

Ачех Индонезиянинг шариат қоидалари киритилган ягона вилояти ҳисобланади. Индонезиянинг аксарият катта қисми ислом динига эътиқод қилсада, Ачехда қабул қилинган бундай қатъий диний қонунлар мамлакатнинг бошқа вилоятларида танқидга учрамоқда. Индонезия ҳукумати вилоятда 2005 йилда шариат қонунларини киритишга рухсат берган. Бу қарор вилоят мустақил давлат бўлишга ҳаракат қилган 30 йиллик фуқаролик урушига чек қўйган марказий ҳукумат билан ачех айирмачилари орасидаги тинчлик сулҳининг бир қисми бўлган.