25044

Kun.uz: Беларусь Россия бозорига ишонибгина қолмасдан, ўзининг маҳсулотларини бошқа давлатларга экспорт қилишни режалаштирмоқда. Мамлакат Россия бозорида 2015 йилнинг дастлабки икки ойида 900 млн доллар йўқотган. Бу ҳақда “Беларусь 1” телеканали эфирида Беларусь бош вазири Андрей Кобяков айтиб ўтди.

Андрей Кобяковнинг сўзларича, ҳукумат Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Шимолий Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан 5 млрд долларлик экспорт даражасига чиқиш вазифасини қўйди. Кобяков ҳукумат Беларусь маҳсулотлари учун 56 та истиқболли бозорни белгилаб олганини маълум қилди. Бош вазирнинг айтишича, Беларусь 2015 йилнинг дастлабки икки ойида ушбу 56 та бозорга 107 млн долларлик маҳсулот юборган.

Кобяков мамлакат ҳукумати ва Миллий банки қатъий пул-кредит сиёсатини ўтказишини ва бу сиёсат миллий валютанинг олдиндан айтса бўладиган курсига ва инфляциянинг мақбул кўрсаткичларига олиб келишини айтмоқда.