1012332233

Kun.uz: Москва ва Пекин Ўрта Ер денгизида биргаликда ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказишни режалаштирмоқда. Машғулотлар иккала давлатнинг икки томонлама ҳамкорлигини мустаҳкамлайди ва уларнинг ўзаро ҳаракатлари соҳаларини кенгайтиради, деб ёзмоқда The Diplomat нашри.

Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили Гэн Яньшэннинг айтишича, биргаликдаги машғулотлар дастури ўз ичига денгиздаги ҳаракатларни ишлаб чиқиш, кемаларни қўриқлаб кузатиб бориш ва денгиз транспорти хавфсизлигини таъминлашни олади. Машғулотларга иккала давлатнинг 9 та кемаси жалб қилинади, деб ёзмоқда нашр.

“Машғулотлардан мақсад Россия ва Хитой ўртасидаги дўстона ҳамкорликни чуқурлаштириш ва денгизда хавфсизлик таҳдидларини қайтаришда иккала давлатнинг жанговорлик қобилиятини мустаҳкамлашдан иборат”, деб Хитой вакилининг сўзларига иқтибос келтирган ҳолда ёзмоқда нашр.

Нашрнинг таъкидлашича, Хитой ва Россия 2012 йилдан бери мунтазам рвишда Тинч океанида харбий-денгиз ўқув машғулотларини ўтказиб келмоқда. Ўрта Ер денгизида бундай машғулотлар илк бор ўтказилади. Бу ҳолат Хитойнинг ўз флотининг денгиздаги жойлашиши сарҳадларини кенгайтириш истаги ортаётганидан гувоҳлик беради. Пекин 2011 йилда Ливияга ва ўтган ой Яманга фуқароларни эвакуация қилиш учун кемалар юбориб, бу йўлда муайян қадамларни амалга оширди.

“Россия ва Хитойнинг биргаликдаги машғулотлари Хитой-Россия муносабатларининг тўлиқ қувватга чиқиши ортида юз бермоқда. Осиёнинг иккита гиганти ўртасидаги алоқалар бу йилда табиий газ, қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича келишувларни имзолаш ва авиация, космик фазони ўзлаштириш ва трансчегаравий инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширида ҳамкорликни кенгайтириши билан янада мустаҳкамланади. Муносабатларда сезиларли илгарилаш Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Москвага Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллигини нишонлашга келиши билан содир бўлади”, деб таъкидламоқда нашр.

Гэн Яньшэннинг таъкидлашича, ушбу машғулотлар учинчи давлатларга қарши қаратилган бўлиб, минтақадаги вазият билан умуман боғланмаган.