1062326390

Kun.uz: Кембриж герцоги ва герцогиняси – шаҳзода Уильям ва малика Кейтнинг қизи, Елизаветта II нинг бешинчи эварасига Шарлотта Елизавета Диана исми берилди, деб хабар бермоқда Кенсингтон саройи матбуот хизмати.

Кичик малика 2 май куни Лондон вақти билан соат 8:34 да дунёга келди. Унинг отаси  шаҳзода Уильям унинг туғилишини бевосита кузатди, кейинроқ эса шифохонага ўзининг ўғли – икки яшар шаҳзода Жоржни синглиси билан таништиришга олиб келди. Туғруқдан кейин бор-йўғи 12 соат ўтиб, она-бола ўша куннинг ўзида кечки пайт ўз уйларига кетди.

Қизча туғилишидан анча илгарироқ букмейкерлар унга қандай исм берилиши бўйича ставкаларни қабул қила бошлашган. Шарлотта исми улар томонидан тахмин қилинган исмлар орасида фаворитлардан бўлган. Қизча Елизаветта исмини отасининг бувиси, Диана исмини отасининг онаси, яъни бувиси шарафига олган.

Қизчага қандай исм берилиши олдиндан белгилаб қўйилган эди, бироқ жамоатчилик бу ҳақда исм Елизавета II га эълон қилингандан кейин хабардор бўлди. Қизча “Олий ҳазратлари Шарлотта Кембрижлик” деб номланади.

Шу кунларда янги маликанинг туғилиши бутун мамлакатда нишонланмоқда. Қиролича Елизавета II қизча туғилган куни ҳарбий парадда пушти пальто ва пушти шляпада кўриниш берди. Қизчанинг туғилгани маълум бўлгандан кейин Лондоннинг энг баланд минорасида шаҳарнинг турли бурчакларидан кўриш мумкин бўлган “Бу қиз” (“It's a girl”) деган ёзув чиқарилди. Кечга яқин Лондоннинг турли диққатга сазовор жойлари – Тауэр кўприги, London Eye томоша ғилдираги, Трафальгар майдонидаги фаввораларда чақалоқ қиз бўлгани сабабли пушти чироқлар ёқилди. Шунингдек, қизча шарафига хотира тангаси ва маркаси чиқарилиши маълум қилинди.