1061758866 Kun.uz: Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида Иккинчи жаҳон уруши якунланганига 70 йил тўлиши муносабати билан расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда намойиш этилган ўттизга яқин суратларда уруш йилларидаги меҳнаткашларнинг ҳаёт тарзи акс эттирилган. Кўргазма “Иккинчи жаҳон уруши: тинчликни ёд этиб” деб номланди. Кўргазмада уруш даврининг суронли йиллари турли давлатлар фуқароларининг чеккан заҳмати турли кўринишлардаги суратларда ифодаланган. Шунингдек, кўргазма марказида 15 нафар уруш қаҳрамонлари сурати ўрин эгаллаган: Михаил Егоров (Россия), Мелитон Кантария (Грузия), Ази Асланов (Озарбайжон), Иван Баграмян (Арманистон), Марат Казей (Беларусь), Алия Молдагулова (Қозоғистон), Чолпонбай Тулебердиев (Қирғизистон), Мария Мельникайте (Литва), Ион Солтис (Молдавия), Домулло Азизов (Тожикистон), Курбан Дурди (Туркманистон), Турғун Ахмедов (Ўзбекистон), Мария Долина (Украина) ва Энделб Пусэпа (Эстония). Кўргазма очилишида БМТ Бош котиби ўринбосари Кристина Галлах иштирок этиб, БМТ ташкилотининг Иккинчи жаҳон уруши оқибатида юзага келганини ва 1945 йилда қабул қилинган ташкилотнинг Устави “Биз Бирлашган миллатлар келажак авлодни уруш фалокатидан асрашга қарор қилдик” дея бошланишини ёдга олиб ўтди. xab-4