974828263 Kun.uz: Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат Миллий банкининг раисини ўзгартирди ҳамда бу лавозимга бунгача Республика Жамғарма банкига бошчилик қилган 55 ёшли Жамшид Нурмухаммадзодани тайинлади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлигига Тожикистон ҳукуматидаги мухбир хабар берди. Нурмухаммадзода 2012 йилдан бери бу лавозимда ишлаб келган Абдужаббор Шириновнинг ўрнини эгаллайди. Миллий банк раиси ўринбосаларидан бири лавозимига Жамолиддин Нуралиев тайинланди. Мутахассислар банк раҳбариятининг ўзгартирилиши мамлакатнинг валюта бозоридаги мураккаб вазият ва миллий валютанинг қадрсизланиши давом этаётгани сабабли амалга оширилганига эътибор қаратмоқда. Охирги маълумотларга кўра, охирги икки ой ичида Тожикистон миллий валютаси – сомоний долларга нисбатан 10 фоиздан кўпроққа арзонлашиб кетди ҳамда айни пайтда унинг долларга нисбатан курси бир доллар учун 6,52 сомонийни ташкил қилмоқда. Банк собиқ раҳбариятининг валюта айирбошлаш шохобчаларини назорат қилишни кучайтириш ва хусусий шохобчаларни қисман ёпиш каби чора-тадбирларни амалга ошириши жамиятда фақатгина норозилик келтириб чиқарди ва миллий валютанинг барқарорлашига олиб келмади. xab-4