Франция Альпида қулаган Airbus A320 лайнери ҳалокатини тафтиш қилаётган гуруҳнинг аниқлашича, Germanwings компаниясининг учувчиси, лайнерни қасддан ҳалокатга учратишда гумон қилинаётган Андреас Любиц охирги рейс чоғида пасайиш манёврини машқ қилган. Бу ҳақда немис маҳаллий матбуотига асосланган ҳолда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Bild газетасида ёзилишича, Франция авиацион муассасаси 6 май куни тафтиш натижалари акс этган ҳисоботни эълон қилади.
Маълум бўлишича, 24 март куни, Дюссельдорф-Барселона рейси чоғида Любиц парвоз баландлигини пасайтириш манёврларини амалиётда синаб кўрган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, авиацион жиҳатдан бу манёврга ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса ҳам, Любиц бу ишни бир неча дақиқа давомида амалга оширган. Ўша куннинг ўзидаёқ 27 ёшли учувчи командирнинг кабинадан чиқишини кутиб туриб, ичкаридан қулфланиб олган ва лайнер тоғларга урилгунига қадар уни пасайтиришда давом этган.