9 май куни Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланиб Москвада ўтказиладиган тантаналар доирасидаги ҳарбий парадда Россия дунёдаги энг кучли танкни намойиш этади.
The Telegraph нашрида ёзилишича, Россия ҳарбий техникада чинакам инқилоб ясаб, техник кўрсаткичлари Ғарб давлатларидаги муқобилларидан анча устун бўлган танкни яратган. Нашр параднинг охирги репетицияларига қадар сир тутилган Т-14 “Армата” танкининг расмларини эълон қилди.
Ҳарбий экспертларнинг фикрича, экипаж учун зирҳли капсула ва масофадан бошқарилувчи минорага эга бу танк АҚШнинг “Абрамс”, Британиянинг “Челленжер” ва Германиянинг “Леопард” ҳарбий машиналарига нисбатан қудратлироқдир.
Маълум бўлишича, Москвадаги парадга 16 минг аскар ва 300 ҳарбий техника жалб қилинади. Бунга жавобан Польшанинг Гданьск шаҳрида ҳам парад ўтказилади. Кўпгина Европа давлатлари раҳбарлари Россиянинг таклифини рад қилиб, Польшадаги тадбирларда иштирок этишга розилик билдирган.