Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида фаолият юритиб келган 600 нафардан ортиқ афғонистонлик тадбиркорнинг визаси бекор қилинди. Бу ҳақда 6 май куни Hama Press агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Афғонистон фуқаролари зудлик билан ўз корхоналарини ёпиб, мамлакат ҳудудини тарк этиш бўйича кўрсатма олишган. БАА миграция хизмати бу талабининг сабабларини изоҳламаган.

Ўз навбатида Афғонистон ТИВ бу маълумотни тасдиқлаган.
"Биз вазиятни кузатиб турибмиз. Айни вақтда вакилларимиз бу масалани ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда", деб баёнот беради Афғонистон ТИВ вакили Аҳмад Шакиб Мустағний.

У шунингдек, Афғонистон ҳукумати шу масала юзасидан Абу-Дабига махсус делегация юбориши мумкинлигини қайд этган.

Маълумот учун, БАА ҳудудида айни вақтда 170 минг нафардан ортиқ афғонистонлик яшайди. Шундан 90 минг нафардан ортиғи Дубайда фаолият кўрсатади. Икки томон қўшма корхоналарнинг йиллик савдо айланмаси 8 млрд долларни ташкил қилади.