Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди. ЎзА хабарига кўра, унда 10га яқин давлатдан 150 нафар ёш спортчи иштирок этди.

46 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида мусобақани чорак финалдан бошлаган ўзбекистонлик ёш боксчи Ҳалимбек Ўтегенов аввалига мезбонлар вакилини, ярим финалда грузиялик, ҳал қилувчи жангда қозоғистонлик спортчини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Вазни 50 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида ўзбекистонлик Муроджон Алиев, 54 килограммгача оғирликдаги спортчилар ўртасида ўзбекистонлик Саиджамшид Жафаров ҳам рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва олтин медални қўлга киритди.

Ўзбекистонлик ёш боксчилардан Баҳодир Баротов, Фаррух Илҳомов ва Дилшод Рўзметов ўз вазн тоифасида кумуш медалга лойиқ топилди. Жаҳонгир Раҳмонов, Темур Мержанов, Яҳёхон Саидхонов ва Аббосхон Мирзаабдуллаев бронза медаль билан тақдирланди.

Халқаро турнирда учтадан олтин ва кумуш ҳамда тўртта бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.