Флорида штатининг Эйвон Парк шаҳрида истиқомат қилувчи қиз турмуш ўртоғининг қўлида тутқун бўлиб қолган вазиятда интернет орқали пицца буютма қилишга мўлжалланган иловадан фойдаланиб, полиция чақиришга муваффақ бўлди.
ABC News телеканалининг маълум қилишича, 25 ёшли Шерил Тредуэйдан ташқари, уйда унинг 3 нафар фарзанди ҳам бўлган. Уларнинг отаси – 26 ёшли Итен Никерсон жанжалдан сўнг қизнинг телефонини тортиб олиб, пичоқ билан таҳдид қилган. Полициячиларнинг маълум қилишича, Шерил кун давомида Итеннинг назорати остида бўлиб, уйдан чиқа олмаган.
Бир неча соатдан сўнг Шерил болаларнинг оч қолганлигини рўкач қилиб, турмуш ўртоғини пицца буюртма қилишга кўндирган. Илова орқали буюртма бераркан, изоҳларда “911, банди, ёрдам беринг!” деган ёзув қолдирган. Муассаса ходими бу хабарни ўқигач, полиция чақирган. “Мен бу ерда 28 йилдан бери ишлайман, аммо бундай воқеани биринчи марта кузатишим”, - деб шарҳлади хатти-ҳаракатларини муассаса менежери Кэнди Хэмилтон.
Полиция ходимлари воқеа жойига етиб келганида, Шерил бир фарзанди билан уйдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган. Музокаралар жараёнида Итен болаларни қўйиб юбориб, таслим бўлишга кўнган. У одам ўғирлашда ва гаровда тутишда, қуролли ҳужумда ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилишда айбланмоқда.