Чили президенти Мишел Бачелет вазирлар маҳкамасидаги барча вазирларнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари чоршанба куни маҳаллий 13-каналга берган интервьюсида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, айнан қайси вазирлар қолиши ва қайсилари кетишини 72 соат ичида кўриб чиқиб, маълум қилишини таъкидлаган. Чили раҳбари ҳукумат фаолиятига янги таркиб эълон қилингандан сўнг баҳо беришини айтиб ўтган.

Сўнгги ойда ҳукуматнинг Бачелет бошчилигидаги “Янги кўпчилик” коалицияси молиявий можаролардан сўнг ўзини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Мазкур можарога президентнинг ўғли Себастьян Давалос аралашиб қолган бўлиб, у банкдан фирмаси учун 10 млн доллар миқдорида кредит олгани айтилмоқда. Натижада президентнинг ўғли узр сўраб, ҳукуматдаги ижтимоий маданият бошқармаси директори лавозимидан истеъфо берган.