5 майда Германиянинг шимолида тўфонли шамоллар авж олиб, бу ҳудудларда кам учрайдиган табиий офат – қуюн кузатилди. Табиий офат оқибатида 30 киши турли даражада жароҳат олди, Гамбургда бир киши шамол кўтариб юборган том остида ҳалок бўлди.

Тўфондан айниқса Бютцов номли кичик шаҳарча кўп талофат кўрди. У ерда қуюн дарахтларни илдизи билан суғуриб, ўнлаб машиналарни тўнтариб ташлади, бир нечта биноларни барбод қилди ва том маънода кўчаларни уйлар томларидан учириб юборган черепицалар билан тўлдириб ташлади.

Мутахассислар кўрилган зиённи баҳолашмоқда. Об-ҳаво мутахассисларининг прогнозига кўра, яқин кунларда ёмон об-ҳаво шароити яна такрорланиши мумкин.