Термиз шаҳрида қаллоблик билан шуғулланган Салим Тожиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳибсга олинди. Бу ҳақда Термиз шаҳар прокурори Сирожиддин Номозов “Ҳуқуқ” газетасида эълон қилинган мақоласида маълумот берди.
Ёзилишича Салим Тожиев дўконлар атрофида кезиб юриб, содда одамларга банк пластик карталаридаги маблағни фоизсиз нақдлаштириб бериш баҳонасида улардан тўлов карталарини бир олган, ундаги пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Жумладан, ака-сингиллар Б. Пўлатов, Л. Пўлатова, уларнинг ҳамкасби Ш. Эрматовнинг карталари шу йўл билан эгаларидан олинган.
Тожиевга маблағларини берган одамлар у ўз ваъдасини бажарашини анча муддат кутишган, лекин, натижа бўлмагач, алданганларини тушуниб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганлар. Натижада қаллоб қўлга олинган.
Термиз шаҳар судининг ҳукмига кўра унга 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.