Ўзбекистон Президенти соврини учун “Ташаббус –2015”кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Анъанавий танловда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида ташаббус кўрсатаётган, мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 42 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Иштирокчилар орасида тажрибали ишбилармонлар билан бирга, интилувчан ва ташаббускор ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этгани эътиборлидир.

Чироқчи туманидан якка тартибдаги тадбиркор Азиза Шарипова улардан биридир. 2014 йили Шаҳрисабз педагогика коллежини тамомлаган Азиза танловда ўзи яратган миллий гиламчилик маҳсулотлари билан қатнашди ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши ғолиби бўлди.

Китоб туманидаги “Voha mash’ali” масъулияти чекланган жамияти раиси Санжар Ғаниев “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, Нишон туманидаги “Сайдалиев Муҳриддин” фермер хўжалиги раиси Муҳриддин Сайдалиев “Йилнинг энг яхши фермери” деб эътироф этилди.

“Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.