Сербия президенти Томислав Николич Белграднинг Европа Иттифоқининг Россияга қарши сиёсатига норози эканлигига қарамасдан, Сербия Россияга қарши санкцияларга қўшилишга тўғри келишини тан олди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар бермоқда.

Николичнинг айтишича, Европа иттифоқига кириш ташқи сиёсатда ягона тамойилга эргашишни англатади.

“Биз барча Европа расмий шахсларига ҳозир Россияга қарши санкциялар киритилишига рози эмаслигимизни аён этдик, бироқ биз Европа Иттифоқига аъзо бўлганимизда, унда биргаликдаги ташқи сиёсатни юритишга мажбур бўламиз”, деб айтди Сербия президенти.  

Николич Сербиянинг ЕИга интилиши Белград билан Россия муносабатларига халақит бермайди, деб айтди. Унинг сўзларига кўра, ЕИга киришдаги бош муаммолар Косово ва Метохия билан боғлиқ бўлмоқда.