АҚШ Патентлар ва савдо белгиларни рўйхатдан ўтказиш бюроси Apple компаниясининг iOS платформасида ишловчи қурилмалар фойдаланувчиларига мўлжалланган ижтимоий тармоқни тузиш учун патент аризасини чоп этди.

Патентланган илова “Турмуш тарзи билан бирлаштирилган ижтимоий гуруҳлар” деб номланади. Патентдаги таърифга кўра, унда фойдаланувчилар қуйидаги тарзда аниқланади: фойдаланувчининг қурилмаси ўзининг эгасининг ҳаракатланиши схемасини аниқлайди. Сўнгра фойдаланувчининг фаоллиги тарихини билган ҳолда, унинг турмуш тарзи ёки у ташриф буюрадиган жойлар тоифасини аниқлай олади.

Олинган маълумотлардан фойдаланиб, илова фойдаланувчининг турмуш тарзи ёки ташриф буюрган муайян жойларига асосланиб ижтимоий тармоқ тузишни таклиф қилади ҳамда у ерга фойдаланувчига ўхшаш қизиқишга эга ёки у борадиган жойларга ташриф буюрувчи фойдаланувчиларни қўшилишини таклиф қилади. Шу тариқа ижтимоий тармоқ махсус мақсадлар учун қаратилган ижтимоий тармоққа айланади. Уни яратиш учун фойдаланувчидан ҳеч қандай ҳаракатлар талаб қилинмайди, у шунингдек аноним бўлиши мумкин.

Яратилган ижтимоий гуруҳлар доирасида уларнинг иштирокчилари тезкор хабарлар билан ўзаро алмашишлари, учрашувлар ташкил этишлари ҳамда умумий тақдим қилиш жойида зарур ахборотни жойлаштиришлари мумкин бўлади.

Патент аризаси 2013 йилнинг 4-чорагида топширилган эди. Ихтиронинг муаллифлари сифатида Лукас Марти, Шэннон Ма ва Майкл Дал Санто кўрсатилган.

Apple ишлаб чиқарадиган қурилмалар iOS операцион тизими остида ишлайди. Уларга iPhone смартфони, iPod touch плеери ва iPad планшетлари киради.