Чеченистон пойтахти Грознийда Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган парад чоғида 1945 йили Рейхстагнинг олиниши саҳналаштирилди. Актёрлар Берлин кўчаларидаги жангларни тасвирлаб беришди.

Парад ва театрлашган кўриниш Чеченистон марказидаги Аҳмадҳожи Қодиров номидаги майдонда ўтказилди. Майдон тутун билан қопланиб, отишма бошланди, ва икки аскар Рейхстаг узра байроқ ўрнатди. “Российская газета”нинг ёзишича, шундан сўнг “асир немислар” колоннасининг қуролни ташлаши ва майдондан ўтиши жонлантирилган.

“Чечен халқи фарзандлари ушбу буюк ғалабага ўз ҳиссаларини қўшгандирлар. Улар барча фронтларча қаҳрамонларча жанг қилган. Ушбу мислсиз қаҳрамонликнинг тан олиниши ўлароқ Грознийга ҳарбий шуҳрат мақоми берилди”, - таъкидлаб ўтди Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров.