8 май куни Кремлда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремлнинг расмий сайти хабар берди.
Учрашув Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллигига бағишланди. Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарлари иштирок этди.


Россия етакчиси Владимир Путин кириш сўзида барча иштирокчиларни сана билан қутлади ҳамда улар байрам кунлари Россия халқи билан бирга бўлгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Бундан ташқари, у Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни сайловлардаги ғалаба билан табриклади. Илгарироқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни ҳам мана шундай натижа билан табриклаганини эслаб ўтиб, ҳар учала давлат ўртасидаги алоқалар янада ривожланиб боришидан умидвор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Унинг сўзларига қараганда, жорий йилда МДҲда Қозоғистон раислигида ғалабани нишонлашга қаратилган 60дан ортиқ йирик тадбир амалга оширилади.
Путин сўзининг якунида тарихий хотирани биргаликда асраб, нацизм мафкурасининг қайта бош кўтаришига йўл қўймаслик зарур эканлигини қайд қилиб ўтди.