Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган маросим чоғида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулдаста қўйди, дея хабар бермоқда “ЎзА”.

Хотира майдонидаги анъанавий маросимда уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳукумат вакиллари, жамоатчилик вакиллари хорижий дипломатлар иштирок этди.

Давлат раҳбари уруш йилларида жонларини қурбон қилган ватандошларни ёдга олди ҳамда фахрийларни ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан қутлади.

– Бугун Ватанимиз, халқимиз Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Ана шу буюк сана билан аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан. 

Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир, деди давлатимиз раҳбари.