“Камп Ноу”даги суперўйиндан сўнг Леонель Месси футбол оммасини ларзага солди. Интернет олами Месси номи билан “портлади”. Икки голни гапириб ўтириш шарт эмас. Жаҳон чемпионатида қолиб кетган аламларини тўкиб сочди Лео. “Ўзга сайёралик”нинг хатти ҳаракатидан ҳайратга тушган бир қатор таниқли кишилар ҳам ажойиб таърифларини тақдим этишди. Ана шу интервьюлардан бири бразилиялик собиқ юлдуз Леонардога тегишли.

“Милан”нинг гуллаган даврларида фаолият юритган Леонардо “Мессини Диего Марадонадан кучли”, деб эълон қилди. Ва буни у “факт” билан изоҳлади. Бутун футбол оммаси аргентиналик иқтидор эгасининг бугунги спорт формасига ҳайратланиб турганида, бу гап табиийдек қабул қилинди ва кўпчилик ушбу фикрга қўшилди ҳам. Лекин бу сармастлик озгина тарқагач, бразилиялик мутахассиснинг гапини таҳлил қилувчилар кўпайди.

Леонардо бир пайтлари “Милан”да ўйнаган ва Марадонанинг афсонавий ўйинларини кўрган шахс сифатида бу сўзларни гапиришга ҳақли, албатта. Бироқ, яхшилаб ўйлаб кўрсам, бу фикр аслида нечоғлиқ тўғри, ундаги асос мезони қанчалик кучли, деган саволларга жавоб излашга киришдим. Жавобни оддий усулда изласам ҳам бўларди. Нимагадир бошқачароқ ёндошишга қизиқдим. Уни бир пайтлари “Футбол”, Чемпион” газеталарида кенг қўлланган “ҲА, ЙЎҚ” жавоби орқали тақдим этишни ўйлаб қолдим. Музаффар Мирзабековнинг радиоэшиттиришида ишлатилиши мутлақо мумкин бўлмаган бу икки сўз орқали, сарлавҳамизда қўйилган саволга жавоб топишга уриниб кўраман. Икки томон қандай изоҳлаётганига қулоқ солиб кўрасиз, азизлар!

ҲА
Нега “Ҳа” бўлмасин? Мессининг ўйинини кўряпсизларми ўзи? Олаётган кубоклари, эришаётган ютуқлари ва голлари сонини билсангиз керак ҳар ҳолда. Мозийга қайтиб иш кўришга ҳаддан ташқари шўнғувчилар Марадонанинг онда-сонда амалга оширган буюк ишларини рўкач қилиб, “ўзга сайёралик” юлдузни ундан пастда кўришга интиладилар. Аслида эса қандай?

Марадона Аргентина терма жамоаси таркибида зўр ўйнаган, буни инкор қилмаймиз. Бироқ, Месси ҳам бу борада ўз иқтидорини кўрсатиб қўйди. Жамоавий ўйинга ихтисослашган ва ўта кучли футбол намойиш этган рақибга енгилмагунча, йўлидаги ҳамма жамоани ер тишлатишда иштирок этди. Энг қийин пайтларда жамоа етакчиси бўла олди. Тўғри, характер эътибор билан Диегога ўхшаб етакчиликни намойишкорона кўрсатмас, аммо бугунги Аргентинанинг етакчиси айнан у эканлигини ҳамма кўрди. Рақиб жуда кучлилигини ҳисобга олиб (Бразилияни нима қилиб ташлаганини кўрдингиз!) Месси мундиалда ҳам намунали ўйин кўрсата олди, дейишга асосларимиз етарли.

Вақти келганида, Марадона ҳам енгилган ўша Германиядан мағлубият қабул қилинди, лекин худди Марадонага ўхшаб келажакда енгиши ҳам мумкин. Лео - ҳали ёш. Шу боис, терма жамоадаги солиштирувларда ҳам Месси Марадона даражасига кўтарилиб бўлди, дейишга асосларимиз етарли. Айтинг-чи, Марадона давридан кейин ким жамоани шу қадар қўлга ола билди ва мундиал финалигача етаклаб кела олди? Ҳеч ким. Фақат Месси!

Терма жамоа масаласини гаплашдик. Клублардаги фаолият ва йил ўйинчиси масаласидаги ҳолатларда Марадона томонидан туриб гапирадиганлар ҳеч нарса қила олмайдилар энди. Агар фаолиятидаги голлар борасида гап кетганида, Месси мутлақ устозини ортда қолдириши турган гап. Ва энг муҳими, Мессидаги буюклик унинг энг юқори нуқтада қарийб ўн йиллар давомида бир хил, ўзгаришсиз, стабил ўйнаётганлигидадир. Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Ҳар ҳафта Месси гол уради, ҳар ҳафта дунё аҳли унинг янги бир финтини кўради. Ҳар ҳафта! Ўн йилдан бери, тасаввур қилинг! Бу нима? Фантастика бўлмай, нима?

Месси футбол тезлашган даврда, ҳимоячилар бутунлай бошқача услубда ўйнаётган оғир шароитларда ва дунёнинг энг кучли чемпионатида ўйнаётганлигини ҳисобга олсак, ҳар ҳафта бу ишларни амалга ошириши буюкликдан ўзга нарса эмас. Одамлар Мессининг бу ишларига ўрганиб қолишди. Марадона эса бундай ишларни йилда бир, вақти келса, икки йилда бир қилгани учун ўшанда қаттиқ қадрлашган. Лео эса бундай ҳаракатларни оддийлик даражасига тушириб қўйди. Бўлса, унинг “айби” шу!

Ва ниҳоят, 4 маротаба “Олтин тўп”ни қўлга киритиши. Ҳатто мундиаллар ва Европа чемпионатлари ўтказилган йилларда ҳам уни индамай қўлга киритиши, ишонаверинг, даҳолигидан дарак. Мураббийлар аҳмоқ эмаслар. Улар Мессининг йил давомидаги “сеҳрли” ўйинларини кузатишган ва ўз анкеталарида иложсиз “ЛЕО” деб ёзишган. Уларни ҳеч ким мажбурламаган. Улар футболни чуқур тушунганларидан, ўз жамоаларида кимни кўпроқ кўришни истаганларидан айнан Месси вариантига келиб, тўрт бора тўхтаб қолаверишган. Месси уларни шу ишга мажбур қилган. Ўзининг суперўйинлари билан, бутун футболдан устунлиги билан.

Суарес, Неймар сингари ҳар даврда даҳо бўла оладиган юлдузлар унинг соясида қолиб кетаётгани ҳам яққол кўринмоқда. Ҳозир Иньеста ва Хави билан эмас, шулар билан ҳам юксак ўйин кўрсатмоқда Месси. Шуни ҳам инобатга олиб қўйинг “Леони эски барсачи жўраларисиз ҳеч нарса қила олмайди” дейдиганлар.

“Барса”нинг ҳар ўйинига қаранг. Суарес ва Неймар унинг бир ўзи қилган ишини такрорлаб, унга улгура олишмаяпти. Месси буни худди ҳеч нарса бўлмагандек, оддий юмушдек амалга оширмоқда. Бу нима? Бу фантастика бўлмай, яна нима бўлиши мумкин? Шу боис, Леонардо тўғри айтган: “Месси Марадонадан кучли, энди кучли... Бунга қўшилмасликдан бошқа чорангиз йўқ!”

ЙЎҚ
Месси ҳали Марадона даражасига чиқа олмаган. Бизнингча, чиқа олмайди ҳам. Чунки Диегодаги матонат, унинг голларидаги дид, муҳимлик энг юқори чўққига чиққан. Мессини бугун мақтаётганлар унинг голлари сонига, олган совринлари сонига эътибор қаратишмоқда. Бу масалада эҳтимол у устозини ортда қолдирар. Бироқ, футбол таҳлили, юлдузлик даражаси сонларга қараб олинмайди. Месси ҳеч қачон Марадона сиймосига ета олмаcлигининг энг асосий жиҳати ҳам қаерда ўйнашига боғлиқлиги билан изоҳланади. Лео ёшлигидан “Барса” юлдузи, бутун жамоа унинг иқтидорига қурилган. Унинг ҳаёти бу клуб билан чамбарчас боғлиқ. Йўқ, бу унинг садоқатидан эмас, балки Мессининг бир жамоа услубига қоришиб кетганлигидан. Мессининг “пачкалаб” уриб ташлаётган голларини таҳлил қилсангиз, жуда кўпи рақиб жамоа бутунлай синдирилган пайтда киритилганлигини кўрасиз. Бу авваламбор “Барселона” таркибининг жуда кучлигинини кўрсатса, иккинчидан етакчилик ҳатто шу жамоада ҳам йиллар давомида асосан бошқаларнинг қўлида бўлганлигини кўрсатади.

Ҳар йили Ла-лига ўйинлари тугагач, Месси ва Роналдунинг урган қирқлаб, элликлаб голларини олиб ташлаб, турнир жадвали тузилганига кўп бора кўзингиз тушган. Бу икки даҳонинг голлари кўп ҳам очко келтирмаганини ҳам кўргансиз. Инкор этмайсиз. Демакки, жуда кўпи рақиб янчиб ташланган пайтлари киритилган. Тўғри, бу борада Месси Роналдудан фойдалироқ, аммо кечирасизу, Марадонадан эмас.

Месси замонавий роботлашган футболнинг яққол намунасики, уни фақат бир жамоада буюк ҳолда кўрамиз. Ҳатто клуб даражасида ҳам Месси энг қийин пайтда ва айниқса, жамоа кучсиз ҳолда қолганида ҳеч нарса қила олмаслиги кўп бора тасдиқланган.

Гап йўқ, у стабил. Ўн йиллар давомида бир хил футбол кўрсатади. Бунга қўшиламиз. Месси бугунги футболчилар ичида даҳо. Бугунгилар ичида қирол. Ҳа, фақат бугунгилар ичида. Уни тарихни йиғлатган даҳолар билан солиштиришда, ўша даҳоларни даҳо қилган энг асосий жиҳатни эсдан чиқариб қўймаслик керак. Хўш, бу жиҳат нима?

Марадонани эслаганда ё ҳозирда ўйинларини кўрганимизда, унинг олтин ҳаракатлари бирор бир либосда ўзгармаганига гувоҳ бўламиз. “Барса”да бир йил ўйнаган Марадона ҳам шу, Аргентина термасидаги Марадона ҳам шу, “Наполи”даги Марадона шу! Мессини зўр дегувчилар Марадонанинг буюк ишлари онда-сонда қилганлигини айтишади. Тўғри. Онда-сонда қилган. Лекин қандай ишларни? Гап шунда. Футболчининг асл юзини белгилаб берадиган Жаҳон Чемпионатларида қилган. Трагедия... Драма... Мелодрама... Триллер... Жамики жанрларни кўришингиз мумкин унинг мундиалларида!

Унинг клубдаги фаолиятига назар ташласак ҳам, Мессидан зўрлиги яққол кўзга ташланади. Лео кўп гол урган ўйинларда, албатта, жуда кўпида, бутун “Барселона” порлаган бўлади. Жамоанинг ўйини юлдузли бўлган даврларда Мессининг ҳам ўйини чиқади, буни статистика ҳам айтиб турибди. Шу боис бўлса керак, Лео фаолиятига бағишланган 400та голни кўриб ҳам, голлардан кейинги кечагидагидек “шайтонлаб” нишонлашларни деярли кўрмаймиз... ЕЧЛ финаллари, Эл Классикодаги голлари ва Эронга урган ЖЧдаги голида шу манзара гувоҳи бўлганмиз. Ана шу эҳтирос Лео фаолиятида жуда камлиги боис ҳам, Нойерга урилган кечаги икки голи сал бўлмаса илоҳийлаштирилмоқда бугун. Шарҳловчи ҳам айтди, биз камдан кам кўрганмиз Мессининг бундай нишонлаганини, деб. Ҳа, чунки унинг голлари, аксар голлари кимга ва қайси ҳолатда урилганини айнан Лео яхши билади. Одам ҳиссиётидан келиб чиқиб нишонлайди голни. Энди тушунгандирсиз нимага “шайтонлаб” қолганини”?!

Марадона фаолиятида эса деярли ҳар бир гол шундай эҳтирос билан ёнма-ён келади. Ҳар бир гол!!! Рақамларни рўкач қилаверманг, руҳият, савия ва муҳимлик эътибори билан гапиринг, илтимос. Истайсизми, истамайсизми, Марадонанинг Англия дарвозасига урган икки голи аср учун мезон вазифасини ўтаб тураверади. Истайсизми, истамайсизми, футбол оламининг энг катта коррупционерлари қарши турганида, Диего уларга бир ўзи темир иродаси билан туриб берганлиги, футбол деган спорт турининг дурдоналаридан бири бўлиб қолаверади. Хоҳлайсизми, йўқми, Марадона мана шу “онда-сонда” амалга оширган ишлари билан Пеледан кейинги даҳо деб ҳисобланаверади.

Футболчи фаолиятини тугатганидан сўнг голлар рақами билан эмас, ана шу буюк эхтирослар билан эсланади. Ана ўша пайтда бугун Леони Марадонадан зўр деб ўйлаётганлар қаттиқ адашганларини сезиб қоладилар. Гап сонда эмас, сифатда эканлиги, руҳият ва савияда эканлигини “сезиб қоладилар”.

Марадона оддий юлдуз эмас. У буюк шахс. Унинг ўйинида, майдондаги ҳаракатида буюклик яққол уфуриб туради. Унинг даҳолиги атрофида ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаган пайтларда сезилган. Леода эса аксинча. У юлдузлар даврасида юлдуз. Бир ўзи қолганида ҳеч ким эмас. Ҳеч ким. Буни у мундиалларда ва “Барселона”нинг чўлоқланиб қолган даврларида исботлаб келмоқда. Бу унинг характерига ҳам боғлиқ, деб ўйлаймиз. Месси табиатан лидер эмас. У юлдузлар ичидаги энг эртатой даҳо. ЖЧ ўйинларини кузатган бўлсангиз, Месси жамоа сардори боғичини номига тақиб олгани кўриниб қолди. Асосий сардорлик ишларини Ди Мария бажариб юрди - ҳакам билан гаплашган ҳам у, рақиблар билан келишувларда асосан у. Мессининг табиатида “иккинчи” планда ўйнаш хусусияти шаклланган. Йўқ, бу билан у иккинчи ҳисобланмайди. Балки жамоа унинг учун ўйнайди, у жамоа учун эмас. Марадонада аксинча. Буни ҳамма кўрган.

Тўғри, баъзи ҳолатларда, худди кечаги ўйиндагидек, Месси ҳам жамоасини муҳим голи билан қутқаради. Лекин бу кўпчилик таъкидлаётгандек, стабил ҳолатда эмас. Марадона эса фақат ва фақат муҳимлик палласида буюклигини кўрсатган. Бу унинг шахсияти ва характерига сингиб кетган жиҳатдир. Мана шу эътибордан олганда, Месси келажакда ҳам Марадона ўрнини боса олмайди, деб ўйлаймиз. Чунки Лео ҳаракат қилса ҳам ўзгара олмайди. Шу. Унинг даҳолиги айнан шу нуқтада. Буюк жамоанинг энг буюк юлдузи. Футбол оламининг исталган нуқталарида ўз сўзини айтган Марадона эса умумфутболнинг буюк юлдузи. Шу боис бўлса керак, Марадона кетгач, энди-энди Аргентина терма жамоаси ўзига келди. Ўзига келганда ҳам, ўзига хос бўлмаган “катиначчио”га ўхшаш услуб билан ўзига келди. Мессидек даҳо ҳам ўша услубга сингиб кетди. Бу ер “Барса” эмасди, бу ер терма жамоа эди.

2014нинг финалидаги Месси ва “Бавария”га қарши Месси. Тан олайлик, катта фарқ бор. Бугун рақибдан кучлироқ бўлган жамоада порлади у. Бир йил олдин эса тескариси эди. Ўшанда майдонда борлигини сезганмидингиз уни? Айнан мана шундай нуқталарда Диего Марадона порлаган. Инкор қила олмайсиз. Клуб либоси билан терма жамоа либосида бир хил ўйнай олишда футболчининг салоҳияти яққол сезилиб қолади. Марадонадан кейин бу салоҳият фақат франциялик Зидан ва бразилиялик Роналдоларда кўзга ташланган холос.

Илтимос, футболни рақамлар билан таҳлил қилманг. Футбол ҳам ҳаётга ўхшайди, хотираларда арзирли, ҳар қандай кўнгилни титратиб юборадиган воқеалар билан эсда қолади. Бугун клублар ўйинини кўриб завқланаяпсиз, эртага эсдан чиқса ва йиллар ўтиб, қалбингизни ларзага солувчи ўйинларни кўришни қумсасангиз, аминмизки, Марадонанинг Леодан анча кучли бўлганини ҳис қиласиз. Ҳозирча сармастсиз. Ҳозирча Мессини қирол, деб ўйлаяпсиз. Начора!

... Мана шунақа гаплар. Мен бу сўзларнинг кўпини тўқимадим. Деярли биладиган сўзларимни икки томон вакилларидан эшитганим учун ёздим. Имкон қадар холис ёзишга уриндим. “Ким ҳақ, ким ноҳақ?” деган саволга эса жавоб изламайман. Чунки бу масалада жавоб йўқ. Икки томоннинг таҳлилига қарасангиз, иккиси ҳам турли томонлардан ёндошишмоқда масалага. Табиийки, бундай услубдаги тортишувларда ғолиб топилмайди. Мен бошқа нарсага эътибор қаратмоқчиман, азизлар!

Мен Мессига хурсандман. У ана шу тортишувларга замин яратди. У ўзини Марадона билан солиштиришларига мажбур этди. Майли, қандай ҳолда бўлса ҳам МАЖБУР ЭТДИ! Кучли жамоада ўйнайдими, жамоанинг эркатойими, барибир уни футбол қироллари билан таққослашмоқда. Олдин Роналдо ва Зиданларни Марадонадан зўр деб журъат қилган одамни эслай олмайман. Демак, Марадона улардан анча устун саналган. Ҳозир-чи, футбол оммасига иккига бўлинган. Кимсан ДИЕГО АРМАНДО МАРАДОНА билан солиштиришмоқда, ҳатто ундан кучли, дейишмоқда. Демак, Лео жим юриб, бутун дунёни шу масалада жиддий ўйлашга ундай олди.

Ҳа, азизлар, Марадонанинг ўзини ҳам майдонда ўйнаб юрган пайтлари Пеле билан солиштиришган ва футбол оммаси бу масалада худди бугунгидек иккига бўлиниб қолган эди. Устоздан ўтмаган шогирд шогирдми?

Биз ҳали фаолиятини тугатмасиданоқ қиролликка даъвогарлик қилаётган буюк иқтидор эгаси билан замондошмиз, азизлар! Унинг ўйинларидан завқланишда давом этамиз. Балким, “ҳа”чилар орзу қилганидек, терма жамоада ҳам Леонель Месси Марадона қайд этган натижани такрорлаб қолар. Балким, ўша эҳтирос борасида ҳам Лео чўққига чиқа олар. Ана ўшанда бу тортишувларга аниқки, якун ясалади. Ҳозирча эса, тортишув эгаларини ўз фикрларида қолишларига чорлаймиз. Бировнинг фикрини ҳурмат қилинг ва ўз фикрингизни ҳам икки карра эъзозланг! Саломат бўлинг!

Муаллиф: Хайрулла ҲАМИДОВ / Манба: uff.uz