Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланиб 9 май куни Москвада ўтказиладиган парадда ўзбекистонлик уруш фахрийлари иштирок этади.
Ўзбекистонлик фахрийлар, Орёл, Курск и Брянск шаҳарларидаги жангларда қатнашган Шуҳрат Орденининг тўла кавалери Александр Величко, шунингдек, Зоҳид Муродов, Владимир Яшкинлар парадда қатнашиши маълум бўлди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 70 йиллик муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийлари учун уюштирилган қабул чоғида маълум қилди.
Табрик сўзида Тюрденев барча уруш ва меҳнат фахрийларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Ушбу сананинг кенг миқёсда нишонланиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини маълум қилди.
Тюрденев Ўзбекистон ҳудудида шакллантирилган ҳарбий қисмлар уруш фронтида мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, 120 минг нафар ўзбекистонлик жангчи орден ва медаллар билан тақдирланган. 280 нафар Ўзбекистон фуқароси Қаҳрамон унвонига сазовор бўлгани, 82 нафар жангчи Шуҳрат Орденининг тўла кавалерларига айлангани эслатиб ўтилди.