Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Нўғайюрт туман ички ишлар бўлими раҳбари Нажуд Гучиговга ҳали мактабда ўқийдиган 17 ёшли қизни иккинчи хотин сифатида никоҳига олишига рухсат берди. “Новая газета”да ёзилишича, бу масалани Қодиров маҳаллий телевидение эфирида “ҳал қилган”.
Қодиров тўғридан-тўғри эфир чоғида қизнинг ота-онасининг муносабатини аниқлашни топширгани, уларнинг бу никоҳга қарши эмаслиги маълум бўлгач, ўз рухсатини берганини маълум қилган.
Газетанинг эслатиб ўтишича, Гучигов 57 ёшда. Энди 17 ёшли Хеда Гойлабиева унинг иккинчи турмуш ўртоғига айланади. Тўй 10 май куни бўлиб ўтади.