3 май куни Лондоннинг “Челси” жамоаси ўз уйида “Кристал Пелас”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришиб, жорий мавсумда муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштирди.

Қуйида “Челси”да Абрамович даври бошлангач, эришилган совринлар санаб ўтилади.

1. 2003 йилнинг ёзида россиялик миллиардер Роман Абрамович "Челси" жамоасининг янги хўжайинига айланди. У ярим йилдан кейин португалиялик мутахассис Жозе Моуриньони Лондонга олиб келди. Кейинги мавсумда бу мураббий "аристократлар"ни Роман Абрамович давридаги илк соврин сари етаклаб боради. Кардифф шаҳрида ўтказилган Англия Лигаси кубоги финалида "Ливерпуль" 3:2 ҳисобида мағлуб этилади. Ўша ўйиннинг ҳал қилувчи голи рақиблар сардори Стивен Жеррард томонидан автогол сифатида урилган эди.

2. Ўша мавсумнинг ўзида иккинчи совринга ҳам эга чиқилди. "Челси" 50 йиллик танаффусдан кейин ўз тарихида иккинчи марта АПЛ чемпионлигини қўлга киритди. Ўша мавсумда жамоа фақат бир ўйинда мағлуб бўлган, ўз дарвозасидан атиги 15та гол ўтказиб юборган эди. 

3. Жамоа 2005-2006 йиллар мавсумида кубокдан қуруқ қолди, лекин яна бир бор чемпионликни нишонлади. Ўша мавсумда жамоа ўзининг энг яқин таъқибчиси "Манчестер Юнайтед"дан 8 очколик фарқ билан ўзиб кетганди.

4. 2006-2007 йиллар мавсумида эса аксинча, чемпионлик бой берилиб, кубок билан кифояланилган эди. Лига кубоги учун финал баҳси Кардиффда ўтказилиб, бу ўйинда Дрогба урган икки гол "Челси"га ғалаба келтирганди.

5. 2007 йилда эса "Уэмбли" ўйингоҳида Англия Кубоги учун ўтказилган финал ўйинида Дрогба муаллифлик қилган ягона гол эвазига "Манчестер Юнайтед" мағлуб этилиб, совринга эга чиқилганди. Аммо мухлислар ўша куни Дрогбадан кўра кўпроқ, Абрамовични олқишлаган. 

6. 2009 йилда, Моуриньо аллақачон кетган, унинг ўрнида бир неча мураббий алмашувидан кейин вақтинчалик жамоага таклиф этилган Гус Хиддинк Англия Кубогини олиб беради. Ўша кубок учун финалда Дэвид Мойес мураббийлигидаги "Эвертон" мағлуб этилган.

7. 2010 йилда "Челси" яна бир бор Англия кубогини қўлга киритди. Авраам Грант бошқарувидаги "Портсмут" жамоаси дарвозаси бу сафар ҳам Дрогба томонидан ишғол этилди.

8. Карло Анчелотти мураббийлигидаги "Челси" ўша йилги мавсумда АПЛ чемпионлигини ҳам тантана қилган. Мавсумнинг охирги турига қадар "МЮ" билан рақобатлашган лондонликлар охирида устунликка эришишган.

9. 2011 йилда биронта совринсиз қолган лондонликлар 2012 йилда яна катта ғалабаларга эриша бошлашди. Омадсиз Виллаш-Боаш жамоани тарк этган, Ди Маттео футболчиларни совринлар сари бошлаган эди. 2012 йилнинг май ойида жамоа ўз музейига навбатдаги Англия Кубогини олиб келди. Бу сафар финалда "Ливерпуль" 2:1 ҳисобида мағлуб қилинди. Голлардан бири яна Дробга томонидан урилди.

10. Ди Маттео бошчилигидаги "Челси" кўп ўтмай Мюнхен шаҳрида ЕЧЛ финалига мезбонлик қилган "Бавария"ни енгди ва ўз тарихидаги илк ЕЧЛ кубогини қўлга киритди. Ўйиннинг асосий вақти "Бавария" ғалабаси билан якунланиши арафасида яна Дрогба катта саҳнага чиқди ва боши билан гол уриб, ўйинни қўшимча вақтга ўтказди. Қўшимча вақтда ҳисоб ўзгармагач, пенальтилар серияси бошланиб, унда ғалаба тўпи Дрогба томонидан урилди.

11. 2012-2013 йиллар мавсумида эса "Челси" Европа Лигасида зафар қучди. Бу соврин орқали Рафа Бенитес ўз номини жамоа тарихига киритди.

12. 2014 йилда Жозе Моуриньо жамоага қайтди. Натижада, мавсумнинг иккинчи қисмида, апрель ойида "Тоттенҳем" билан ўтказилган Лига Кубоги учун финалда ғалабага эришилди.

13. Моуриньо биринчи мавсумнинг ўзида иккинчи совринни ҳам олиб берди. "Челси" жорий мавсумда муддатидан олдин чемпионликни тантана қилди.