Coca-cola ichimligi Uzbekiston LTD компаниясининг маълум қилишича, бир қатор савдо нуқталари, дўконлар ва бозорларда 1.5 литрли сохта Coca Cola ва Fanta ичимликлари сотилаётгани аниқланган.
Biznes Daily нашрининг ёзишича, ушбу маҳсулотда шакар ва углерод диоксиди меъёридан кам эканлиги аниқланган. Шунингдек, нашрда сохта ичимликларни ҳақиқийларидан фарқлаб турадиган белгилар ҳақида маълумот берилди.

“Албатта, ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ инспекцияси ходимлари жойларда ноқонуний иш билан шуғулланаётганларни аниқлаш бўйича тадбирлар олиб бормоқда, уларни қонунга мувофиқ жазога тортмоқда. Аммо ушбу ҳолатни тўла бартараф этиш учун биринчи навбатда истеъмолчиларнинг ўзлари хушёр бўлишлари талаб этилади. Улар харид қилинаётган маҳсулотнинг сифатига алоҳида эътибор беришлари керак”, - дейилада материалда.
Жумладан, сохта ичимликларни ҳақиқийларидан қуйидаги белгиларга кўра фарқлаш мумкинлиги маълум қилинди: биринчидан, сохта маҳсулотлар қадоқланадиган термоплёнка Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD томонидан қабул қилинган стандартлардан фарқ қилади; иккинчидан, ёрлиқлардаги кодларга эътибор бериш талаб қилинади – битта қадоқдаги 6та идишда кўрсатилган кодлар айнан бир хил бўлиши керак, агарда бу кодларда турли саналар ва ишлаб чиқариш жойлари кўрсатилган бўлса, билингки, ичимлик эски идишларга қуйилган бўлади; ниҳоят, идиш қопқоғининг назорат ҳалқаси асосий қисмдан ажралмаган бўлиши, шунингдек, унда қайта пайвандлаш излари бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари, айрим ҳолларда сохта ичимликни ҳақиқийсидан вазнига кўра фарқлаш мумкин бўлади. Одатда сохта ичимлик таркибига шакар ўрнига унинг ўрнини босувчи арзон моддалар қўшилади. Шу боис ичимлик зичлиги белгиланган меъёрдан паст бўлади. Бу ўз навбатида маҳсулотнинг вазнига таъсир ўтказади. Ҳақиқий 1.5 литрли Coca Cola ичимлигининг вазни идиши билан бирга 1607 граммни ташкил қилади. Сохта Cola вазни 1520 граммга тенг. Бундан ташқари, ҳақиқий Fanta Orange идиши билан бирга 1618 грамм тош босади, сохтасининг вазни эса 1520 граммни ташкил қилади.
Энг муҳими эса, сохта ичимлик эски идиш ичига қуйилади. Идишни диққат билан кўздан кечирганда эса унинг янги ёки эскилигини аниқласа бўлади.