Македониянинг Куманово шаҳри четида жангари гуруҳ билан полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.
Reuters агентлигининг маълум қилишича, отишма 10 майга ўтар кечаси бошланган. Террорчи гуруҳ Македонияга ҳукумат органларига қарши қўпорувчилик ҳаракатлари амалга ошириш учун кириб келган.
Жангарилар 16 соат давомида ҳуқуқ-тартибот органлари қисмларини қўл гранатомётлари, пулёметлар ва снайпер винтовкаларидан ўққа тутган. Тўқнашувларда 5 нафар полициячи ва бир қанча жангари ҳалок бўлган, 30га яқин полициячи яраланган.
Кейинчалик мамлакат Ички ишлар вазирлиги сайтида 20 нафар жангари таслим бўлгани ҳақида маълумот берилди. Ички ишлар вазири Гордана Янкуловска ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.