АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен 9 май куни муносабати билан баёнот йўллади. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Америка Қўшма Штатлари элчихонаси ҳамда Америка халқи номидан сиз ва оилангизга Ғалаба кунининг 70 йиллиги муносабати билан энг эзгу тилакларимни йўллайман”, - дейилади баёнотда.

“Жаҳон тарихидаги энг қайғули урушлардан бири якун топган кунни нишонлар эканмиз, биз албатта Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Ўзбекистон фахрийлари қилган қурбонликларни ҳам ёдга оламиз. Биз бу ветеранлар хотираси ва жасоратини шарафлаймиз”, - дейди Спратлен хоним.

“Шунингдек, ўзбек халқи Иккинчи Жаҳон Уруши йилларида кўрсатган катта фидокорликни чуқур ҳурмат қиламиз. Умидимиз шулки, дунё бундай азоб ва уқубатларни қайта бошдан кечирмайди. Сиз ва фарзандларингиз келгуси йилларда ҳам тинчлик, фаровонлик ва қадр-қимматда яшашда давом этаверсин”, - дейилади АҚШ элчиси баёнотида.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида, МДҲнинг аксарият бошқа мамлакатларида эса Ғалаба куни сифатида нишонланади.

Маълумот учун, 2015 йил 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида гитлерчилар Германияси устидан қозонилган Ғалабага 70 йил тўлди.