9 май куни Москвада Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ўлмас марш”нинг кўпгина иштирокчилари, тадбир тугагач, қўлларида кўтариб юрган суратларни чиқинди қутиларга ва кўчаларга ташлаб кетгани айтилмоқда.

Маълумки, “Ўлмас марш” жанг майдонида шаҳид бўлганлар хотирасига бағишлаб ўтказиладиган тадбирдир. Унинг доирасида шаҳидларнинг қариндошлари уларнинг портретларини қўлда кўтарганча Қизил майдонда юриш ўтказишади. Бу йилги “Ўлмас марш”га Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи бошчилик қилди.

Аммо, ижтимоий тармоқларда ва блогларда пайдо бўлган фотосуратларга қараганда, маршдан сўнг кўпчилик иштирокчилар урушда шаҳид кетган боболарининг суратларини кўча-кўйга ташлаб кетган. Бу ҳолат қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Айримлар бунинг паст сиёсий маданият ва ўтмишга бўлган ҳурматсизлик оқибати деб баҳоласа, бошқаларнинг фикрича, бу акция иштирокчиларининг катта қисми сохта суратлар олиб келган. Бу акцияни оммавий қилиб кўрсатиш учун амалга оширилган сиёсий буюртма эканлиги тахмин қилинмоқда.