Жорий йилнинг 10-17 май кунлари Кореянинг Сеул шаҳрида Паралимпия харакатида 1998 йилдан буён анъанага айланган ИБСА Жаҳон ўйинлари (IBSA World Games) ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли спорт мусобақада Ўзбекистон шарафини сузиш, енгил атлетика ва дзюдо спорт турлари бўйича 15 нафар спортчи ҳимоя этмоқда.

Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик сузувчилар илк медалларни терма жамоага олиб келдилар. 2014 йил Пара Осиё ўйинлари 3 карра ғолиби Дмитрий Хорлин 200 метр масофага эркин сузишда 02:01.07 натижа кўрсатиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Терма жамоанинг янги аъзоси Мухаммад Абдураимов 100 метрга батерфляй усулида сузишда 01:07.43 натижа билан кумуш медалига сазовор бўлган бўса, яна бир ўзбекистонлик сузувчи Шахзод Жуманиёзов 50 метрга брасс усулида сузишда 00:34.02 натижа билан бронза медалини забт этди. Ўзбекистон сузувчилар яна 4 кун мобайнида бахс олиб борадилар.

12 майдан бошлаб, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар ва дзюдочилар ҳам бахсга чиқишади.

Эслатиб ўтамиз ИБСА Жаҳон ўйинлари (IBSA World Games) илк бор 1998 йилда Мадридда ўтказилган, (2003 йил – Монреал, 2007 йил – Сан-Паулу, 2011 йил – Анталия, 2015 йил - Сеул). Сўнги Сеулда бўлиб ўтаётган Жаҳон ўйинларида 60 давлатдан 6000 дан зиёд спортчилар 9 хил спорт турида куч синашмоқда.

2011 йилда Анталияда бўлиб ўтган Жаҳон ўйинларида Паралимпия терма жамоаси дзюдо спортидан битта кумуш медалини забт этган эди.