Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида ўтказилган “Nakhchivan Open-2015” фестивали якунига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Энг кучли гроссмейстерлар жам бўлган “А” гуруҳида иштирок этган ҳамюртимиз, жаҳоннинг 17-чемпиони Рустам Қосимжонов 9 партиянинг 3тасида ғалаба қозониб, қолган 6 учрашувда дуранг натижани қайд этди. Шу тариқа, тўққиз имкониятдан олти очко жамғарган Рустам Қосимжонов 66 нафар шахматчи орасида ўнинчи ўринни эгаллади.

Мусобақада ғолиблик мезбонлар вакили Элтаж Сафарлига насиб этди. Озарбайжонлик гроссмейстер 9 учрашувда 7 очко жамғарди. Худди шунча очкони кумуш медаль совриндори Қодир Гусейнов (Озарбайжон) қўлга киритди. Грузиялик гроссмейстер Леван Панцулия 6,5 очко билан учинчи ўринни эгаллаган бўлса, бир йўла 9 нафар шахматчи олтитадан очко жамғаришга муваффақ бўлган.